Ҳусановнинг янги жамоадоши бўлажак клубидан қанча сўради?
"Манчестер Сити" ва Англия терма жамоасининг қанот ҳимоячиси Кайл Уокер "Милан" клубига ўтишга яқин. Бу ҳақда журналист Николо Скира хабар берди.
Манбанинг маълум қилишича, у "Милан"дан 2027 йилгача йиллик маоши 4 миллион евро ва қўшимча бонуслар билан шартнома сўради. Қанот ҳимоячисига Саудия Арабистони клубидан ҳам жуда фойдали таклиф бўлгани айтилмоқда.
Аввалроқ, "Милан" президенти маслаҳатчиси Златан Ибрагимович Уокер билан келишув шартларини муҳокама қилиш учун учрашгани хабар қилинган эди.
Маълумот учун, жорий мавсумда Уокер клуб сафида барча мусобақаларда 18 та ўйин ўтказди. Футболчининг "шаҳарликлар" билан амалдаги шартномаси 2026 йилнинг ёзигача амал қилади. Transfermarkt интернет-порталида келтирилган маълумотларга кўра, 34 ёшли футболчининг нархи 10 миллион еврони ташкил этади.
Фикрлар