Иброҳимхалил Йўлдошевни яна "Нефтчи"да қолишига нима сабаб бўлди? Янги тактикага мослашув қийин эмасми? Футболчи суҳбатда нималарни айтди?

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони “Нефтчи” клуби қишки мавсумни асосан Туркиянинг Анталия шаҳрида давом эттириб келяпти. Таркибидаги етакчиларини сақлаб қолганини биласиз ва уларнинг орасида Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам бор.

У янги мавсумда яна фарғоналиклар шарафини ҳимоя қиладиган бўлди.

Куни кеча Йўлдошев Sports.uz журналистига интервью берди.

- Янги мавсум арафасида сизга ҳам яхши таклифлар кўп бўлди. Аммо яна “Нефтчи”ни танладингиз...

- Аслида четга кетиш ниятим бор эди. Лекин айнан қайсидир жамоадан аниқ таклиф йўқ эди. Шунга қарамасдан ўзимни режамда бор эди. “Нефтчи”ни ўзи ҳам мени қайтаришга анча уринди. Ўйлаб қарасам, яна шу ерда ўйнаб яхшироқ даражамни кўрсатсам, балки ундан кейин четдан яхшироқ таклифлар бўлар, деган ҳолатда шу қарорга келдим. “Нефтчи” чемпион жамоа, ўзим ҳам барибир бу ерга ўрганиб қолганман. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўйнайди.

- “Нефтчи”да бош мураббий алмашди. Ўтган йилги мутахассис кетди ва ўрнига ёш мураббий тайинланди. Етакчилардан бири сифатида бу ўзгаришга қандай қарадингиз? Балки ушбу ўзгариш ҳам қолишингизга туртки бўлдими?

- Йўқ, туртки бўлмади. Мураббийлар штаби алмашди, трансферлар бўлди. Менимча, жамоа ўзаги сақлаб қолинди. Балки шу ҳам менга туртки бўлгандир. Кўпчилик кетмади, асосий ўйинчилар қолди ва таркиб янада кучайди. Яхши трансферлар бўлди.

- Ислом Исмоилов билан илк бор ишлаяпсиз, қандай экан?

- Ислом ака билан Виталий Григорьевични барибир анча фарқи бор. Ислом Исмоилов ёш мутахассис. Тактик жиҳатдан катта ўзгариш бўлди. Ислом ёш ва барибир қизиққон. Бизга кўпроқ ҳужумга мослашган тактик услубларни ўргатяпти. Яъни, биз чемпионатда шунақа тактикада ўйнаймиз. Схемада ҳам ўзгариш бўлади. Ўтган йили 5 та ҳимоячи билан ўйнаган бўлсак, бу йи 4 та ҳимоячи билан ўйнаймиз. Ҳужумга урғу қаратиляпти. Йиғинда янги тактика бўйича ишлаяпмиз. Бунга ўрганиб қолдик.  

- Янги услуб фойда келтиришига қанчалик ишоняпсиз? Масалан, ўтган йилги тактика қўлланилган ҳолда жамоа чемпион бўлди...

- Ҳимоявий тактика билан чемпион бўлган бўлсак, энди ҳужумкор услубда ҳаракат қиламиз. Жамоани натижаси пасаймайди, Худо хоҳласа яхшиланиб бораверади. “Нефтчи” ҳужумкор жамоа, албатта ҳужум қилади. Чунки бизда аксарияти ҳужумкор ўйинчилар.

- Чемпионликдан кейин чемпионлик камарини ҳимоя қилиш қийин дейишади. Янги мавсумда рақобат кучли бўлади, буни қандай ҳис қиляпсиз?

- Қараяпман, ҳар бир жамоа яхши-яхши футболчиларни олди. Бу йилги чемпионат янада кучаяди. Бизга эътибор ҳам кўпаяди. Чемпион жамоадан ҳамма кутади. Бошқалардан кўра ғалабаларни айнан биздан кўпроқ кутишади. Табиийки, бизга икки баробар масъулият юкланади.

- Бу мавсумда “Нефтчи” учун асосий рақиблар кимлар?

- Ўтган йили ҳар бир учрашувда қийналдик. Осон ўйинлар бўлмади. Қийин жамоалар - “Насаф”, “Пахтакор”...Топ учталик, топ тўртталикдаги клублар ва бу йил янада қийин бўлади. Етакчилар сафига “Андижон” ҳам, “Навбаҳор” ҳам қўшилишган. Иккала жамоада мураббий ўзгарди, футболчилар ҳам ўзгарди. Бу чемпионатда анча бош оғриғи бўлади.

- “Нефтчи”нинг Анталия йиғини қандай ўтяпти?

- Йиғин яхши ўтяпти. Бошида барибир янги мураббийни тактикасига киришиб кетишда вақт талаб қилади. Биринчи учрашувда кучли рақиб билан ўйнадик. “Қорабоғ”ни даражаси билиниб турди. Улар бизга ўхшаб дам олиб, кейин йиғин ўтказмаётганди. Олдиндан яхши формада эди ва Европа Чемпионлар лигасида ўйнаб келаётган жамоа эди. Қолган ўйинлар давомида аста-секин формага кириб боряпмиз ва ғалаба қозониб келмоқдамиз. Ислом ака қўллаётган тактикаларини ва талабларини ҳар ўйинда қўллаяпмиз. 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!