"Ички муҳитни ушлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз", "Секейра пайтида таркибда тажрибали футболчилар кўп эди", "Локо" доим ўз олдига бир мақсадни қўяди - Ислом Қобилов билан интервью

SPORTS.uz'да "Етакчи" лойиҳасининг навбатдаги сони! Бу сафар "Локомотив" клуби ҳимоячиси Ислом Қобилов жамоасининг жорий мавсумдаги муваффақиятсиз иштироки, Секейра ва Коростиченко ўртасидаги фарқ ва бошқа мавзуларда фикр билдирди.

Жамоадаги муҳит ҳақида

Кетма-кет муваффақиятсиз ўйинлардан кейин жамоадаги ижобий муҳитни ушлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Бу каби мағлубиятлардан сўнг асосийси руҳий жиҳатдан тушкунликка тушиб қолмаслик деб ўйлайман. Энди бор эътиборимизни кейинги учрашувларга қаратиб, фақат ғалаба қозониш ва жамоавий муҳитни аъло даражага олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. 

Ўтган йили Микаэль Секейра футболчиларга ўргатган тактикалар ва ҳозирги мураббийнинг қарашлари ўртасида фарқ борми? Балки шу жиҳат бироз панд бераётгандир.

Ўтган йилги таркиб ва ҳозиргиси ўртасида фарқ етарлича. Секейра қурган жамоада тажрибали футболчилар жуда кўп эди. Шу туфайли ҳам улар билар бир-биримизни анча яхши тушуниб ҳаракат қилардик. Натижада, мураббийнинг талабларини бажариш осон кечарди. Бу йил эса, жамоа анча ёшарди, янгиланди. Ўзаро тушунмовчиликлар ҳам шунинг оқибатида юзага келяпти деб ўйлайман. Бироқ олдимизда турган ўйинларда ғалаба қозониб, Коростиченконинг юзини ёруғ қилишга ҳаракат қиламиз.

Анчагина йўқотишларга учраган "Локомотив"нинг Суперлигадаги мақсади қандай?

"Локо" доим ўз олдига чемпионликни мақсад қилиб қўяди. Биз юқори ўринларни эгаллаш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. 

Фазлиддин Абдураҳмонов суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!