Игорь Шквирин терма жамоа ҳақида: "Йигитларга қойил, дея эътироф қилиш расмий учрашувлардаги яхши натижаларга ярашади"

Таниқли мутахассислардан бири Игорь Анатольевич Шквирин гарчи айни пайтда бирор жойда ишламаётган бўлса-да, юртимиздаги футбол ва ундаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб келмоқда. Ўзига яраша тажрибага эга бўлган мутахассиснинг фикрлари доим ҳам қизиқарли бўлиб келган. Шу боис ундан миллий терма жамоамиз ўтказган иккита назорат ўйини, Катанецнинг услуби ва чемпионатимиз ҳақида ўз муносабатини билдиришини сўрадик. 

“Ҳозир қувонишга эрта”

- Ўртоқлик ўйини бежиз назорат беллашуви деб аталмайди, - дея гап бошлади, Игорь Анатольевич. - Бу расмий мақом эмас. Буни ютиш яхши. Аммо терма жамоанинг ҳақиқий кучини расмий мақомдаги баҳслар белгилаб беради. Бундай учрашувларда босим ва руҳият ҳам ўзгача бўлади. Албатта, терма жамоанинг ўртоқлик ўйинларидаги ижобий натижаси яхши, лекин барибир бу унинг ҳақиқий даражасини кўрсатиб бермайди. Хўп, ўйинларни ютди. Бу орқали жамоа Осиё Кубоги ё жаҳон чемпионатига борадими, йўқ! Терма жамоа зўр ўйнади, йигитларга қойил, дея эътироф қилиш расмий учрашувлардаги яхши натижаларга ярашади. Ҳозир қувонишга эрта.

игорь1

Катанец ҳақида қандай фикр билдиришим мумкин?

- Мен уни танимайман, учрашмаганман. Шу боис Катанец ҳақида қандай фикр билдиришим мумкин?! Бошқаларнинг умумий фикри билан кифояланмоқчи эмасман. Бу тўғри эмас, менимча. Кишининг қандайлиги у билан учрашиб, суҳбатлашганингиздан кейин билинади. Эҳтимол, машғулот жараёнини кузатиш орқали мураббий ҳақида бирор-бир тўхтамга келиш мумкиндир. Лекин бу ҳам ҳақиқий тасаввурни бера олмайди. Фақат юзма-юз ўтириб гаплашган чоғингдагина ҳаммаси ойдинлашиб, унинг қандай инсон ва қандай савиядаги мураббий эканлиги борасида тасаввур ҳосил қиласан. Катанец билан гаплашган тақдиримдагина бу борада батафсил жавоб қайтаришим мумкин бўлади. Яна бир гап: агар Сречко Катанец натижа кўрсатса, у ҳақида ҳамма, жумладан мен ҳам яхши мутахассис экан, дейишим мумкин. Бунинг акси бўлса-чи, атрофдагиларнинг бари уни танқидларга кўмиб ташлайди. Ўз навбатида раҳбарият керакли натижа қайд эта олмаган бош мураббийдан воз кечиб, ўрнига бошқасини олиб келиш пайига тушиб қолади. Қисқаси, бу саволингиз юзасидан бошқа бир нарсани қўшимча қила олмайман.

игорь3

“Ҳужум чизиғимизда ҳам муаммолар етарли”

- Барча чизиқларда муаммолар бор! Муаммоларни эса бартараф қилиш даркор. Терма жамоага жалб этилган янги футболчилар ҳозир йўқми, таркибда борлари билан муаммони ечиш керак бўлади. Тўғри, ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари бор. Бироқ улар таркибида миллий термага тортадиган футболчилар ҳали тайёр эмас. Борлари билан ҳар бир чизиқда ниманидир ўзгартириш керак. Масалан, терма жамоанинг ҳимоядаги ўйини кишини хавотирга солиб қўяди. Ҳужум чизиғидаги муаммолар ҳам етарлича. Муаммолар эҳтимол унчалик кучли бўлмаган рақибларга қарши беллашувларда сезилмас, аммо кучли рақиб тўғри келганда яққол кўзга ташланиб қолади. Ёдингизда бўлса, Миржалол Қосимов терма жамоага устозлик қилган дамларда жаҳон чемпионатига чиқиши учун атига битта гол ёки бир очкоми камлик қилганди, шундайми? Қисқаси, зўр чизиқларга эга бўлиш учун қаттиқ меҳнат қилиш керак. Якунда мана шундай ҳолат кузатилмасин десангиз кўпроқ гол уриш керак бўлади. Бизда ҳозир ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов бошқалардан яққол ажралиб турибди. Миллий чемпионатдаги тўпурарлар орасида Темурхўжа Абдуҳолиқов бошқаларга нисбатан кўпроқ – 11 та гол урди, чамамда. Лекин у ҳам легионер Черандан ортда қоляпти. Черан кетма-кет тўртинчи мавсум тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда. Терма жамоада четдан келган легионер эмас, ўзимизникилар ўйнашади-ку! Бу билан нима демоқчи эканлигимни ўзингиз ҳам тушуниб турган бўлсангиз керак.

“Шомуродов “Рома”да қолдими, демак қандайдир мақсади бор”

- Бу унинг шахсий танлови. Ушбу масалада бир нарса дейишга ожизман. Эҳтимол, Элдор “Рома”дан кучсизроқ бўлган жамоада яхшироқ ўйнай олиши мумкиндир. У “Рома”да қолишни истадими, демак, қандайдир мақсади бор. Балки Элдор ўзига устозлик қилаётган Моуриньодан ниманидир ўрганишни хоҳлаётган бўлиши мумкин. Адашмасам, Моуриньонинг ўзи ҳам ўтган мавсумда Шомуродов ҳақида гапириб, ҳужумдаги ўйинига бироз ранг-баранглик етишмаётганини айтиб ўтганди. Кўриниб турибдики, португалиялик мураббий Шомуродов ўйинида камчиликларни сезган. Жозе Моуриньо – топ мураббий. Агар у Шомуродовнинг ўйинидаги камчиликлар бартараф этилса, ушбу шогирдини “Рома”нинг бошланғич таркибида майдонга туширади. Ўз навбатида Элдордаги ўзгариш Ўзбекистон терма жамоаси учун янада фойдали бўлиш шубҳасиз. Унинг савияли футболчи эканлигига шубҳам йўқ. Элдор “Ростов”да ва миллий терма жамоага келган пайтларида голлар урди. Ўз ишини яхши бажара олди. Бизга худди унга ўхшаган ҳужумчилар керак. Шомуродов иккала оёқ ва бош билан ҳам тўпга яхши зарба бера олади.

игорь

“Пахтакор”, “Навбаҳор” ва “Насаф”да бошқаларга нисбатан имконият кўпроқ”

- Интрига бор! Бу гап фақат Суперлигага эмас, балки про лигага ҳам тегишли. Чемпионлик учун бир нечта клубнинг даъвогарлик қилиши – бу жуда яхши. Чемпионлик учун “Навбаҳор”, “Пахтакор” ва “Насаф”да бошқаларга нисбатан имконият кўпроқ, чамамда. “Қизилқум” ва АГМК ҳам ўзидан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Про лигадаги интригага келсак, “Андижон” билан “Турон”да Суперлигага чиқиш учун бошқаларга нисбатан яхши имкон юзага келган. Уларга “Бухоро” рақобат кўрсатиши мумкин. “Хоразм” билан “Машъал” клублари ҳам охиригача кураш олиб боришса керак. Лекин Хоразм вилояти вакили бунга молиявий ҳамда инфратузилма томонидан ҳали тайёр эмас. Бунинг учун анча ишлар қилиниши керак бўлади. Янглишмасам клуб уй ўйинларини сунъий майдонда ўтказиб келмоқда.  

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!