Ижарадаги футболчилари билан қайси клублар мақтана олади? («Топ-10»)

Бугунги кунда гранд клублар ёш ва иқтидорли футболчиларни ижара асосида бошқа жамоага жўнатиб юборишга кўникиб қолди. Бу икки томон учун ҳам фойдали. Захира ўриндиғида ўтиргандан кўра, ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчи клубига катта наф келтириши тажрибадан ўтган. Авваллари, асосан ёшлар ижара асосида қўйиб юборилар эди. Ҳозир эса, улар орасида трансфер суммаси баланд бўлган ижрочиларни ҳам учратиш мумкин. Хўш, айни дамда ижарадаги футболчиларининг трансфермарктдаги умумий қиймати энг баланд бўлган клублар қайси? Бугун шу саволга атрофлича жавоб бериб ўтамиз.

10-ўрин. «Рома» – 19 та футболчи 82 миллион евро

Roma12

«Бўрилар» деярли 20 га яқин футболчисини бошқа клубга вақтинча қўйиб юборган. Бу гранд жамоалар орасидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Кетганлар ичида Жастин Клюверт, Ченгиз Ундер, Мерт Четин сингари таниқли номлар бор.

9-ўрин. «Бенфика» – 13 та футболчи 84,1 миллион евро

roma11

Афсуски, «бургутлар»нинг бу мавсумда бошқа клубга ўйин амалиёти мақсадида қўйиб юборилган ўйинчиларига омад кулиб боқмади. Жедсон Фернандеш ва Карлос Виниcиус «Тоттенхэм» таркибида кўриниш бермаяпти. «Бавария»даги Тиагу Данташнинг ҳам ишлари пачава. У ҳали бирор маротаба асосий жамоа қайдномасига ҳам киритилмади.

8-ўрин. «Арсенал» – 6 та футболчи 87,7 миллион евро

roma123

Лукас Торрейра «Атлетико»да, Маттео Гендузи эса «Герта»да жавлон урмоқда. Шу йигитларнинг трансфер суммаси баланд эканлиги боис «кононирлар» бугунги рўйхатимиздан ўрин эгаллади. Бундан ташқари, Салиба, Колашинац ҳам янги жамоасида асосий ролни бажармоқда.

7-ўрин. «Атлетико» – 13 та футболчи 91,1 миллион евро

Roma2133

Мадридни вақтинча тарк этганлар ичида Альваро Моратани алоҳида қайд этиш мумкин. Унинг йўқлигини эса, ҳозирча Суарес ҳеч кимга билинтирмаяпти.

6-ўрин. «Манчестер Сити» – 17 та футболчи 92,5 миллион евро

roma4454

«Шаҳарликлар»нинг ижарадаги футболчилари сони сўнгги йилларда жуда кўпайиб кетди. Ҳозирда колумбиялик, япониялик, бразилиялик, аргентиналик, сербиялик, косовалик футболчилар ўйин амалиёти учун «Сити» базасини тарк этган. Тан олиш лозим, улар орасида «РБ Лейпсиг»даги Анхелиньодан бошқаси деярли ёш футболчилардир.

5-ўрин. «Ювентус» – 11 та футболчи 95,5 миллион евро

roma41324

Турин клубини тарк этганлар орасида Дуглас Коста ва Серхио Ромероларни алоҳида қайд этиш мумкин. Шунингдек, клуб Элдор Шомуродов тўп сураётган «Женоа» аъзоси Никола Ровеллани қўлга киритди, бироқ мавсум сўнггига қадар Генуяда қолдирди.

4-ўрин. «Интер» – 31 та футболчи 114,68 миллион евро

roma12444

Миланликларнинг ижарадаги фуболчилари билан Европанинг ўртамиёна чемпионатида бемалол ғалаба қозониш мумкин. Кандрева, Эспосито, Далберт, Наинголан, Лаззаро, Жоа Мариу ҳозирда мавсумни ўз клубларида кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда.

3-ўрин. «Фиорентина» – 31 та футболчи 117 миллион евро

roma2342342

Агар «бинафшалар» Федерико Кьезани Туринга ижара асосида қўйиб юбормаганида, бугунги рўйхатимиздан ўрин эгалламаган бўлар эди. Тўғри, бу ижара аслида расмиятчилик холос. Футболчи ортга қайтмайдиган бўлиб кетган, аммо факт барибир факт бўлиб қолади!

2-ўрин. «Челси» – 19 та футболчи 168,03 миллион евро

roma2342342

Бакайоко, Лофтус-Чик, Баркли, Томори, Батшуайи, Маланга Сарр, Ампаду, Кенеди, Дзаппакоста, Дринкуотер ва Виктор Мозес ҳозирда бошқа жамоалар шарафини ҳимоя қилмоқда. Бу йигитларнинг трансфер ҳуқуқи тўлиқ «Челси»га тегишли. Аслида, «Челси» бу рўйхатнинг якка пешқадами эди, бироқ Эдегорнинг Лондонга кўчиб ўтиши вазиятни ўзгартириб юборди.

1-ўрин. «Реал» – 9 та футболчи 183,5 миллион евро

roma2354255

«Реал» сўнгги йилларда ўз футболчиларини ижара асосида бошқа жамоага жўнатишни урфга айлантириб юборди. Айниқса, Зидан қўл остида футболчилар бошқа клубларда омадли тўп сурмоқда. Клуб бир неча кун аввал Мартин Эдегорни ҳам омадини синаб кўриш учун қўйиб юборди. Норвегиялик йигитнинг трансфермарктдаги нархи 40 миллион еврони ташкил этади. Агар Мадрид клубига тегишли футболчилар мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказса, «Қироллик клуби» рўйхатимиздаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олиши мумкин.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)