Иккала жамоанинг оғриқли муаммоси бир ёхуд Суперлигада мағлубиятлар гирдобидаги жамоалар тўқнашуви

Бу турда ғалабасиз серияни бошидан кечираётган икки клуб – “Турон” ҳамда “Сўғдиёна” жамоалари Яйпанда ғолиблик учун баҳс олиб боришади. Дарҳақиқат, бу клублар ғалабага жуда ташна. Чунки анчадан бери муваффақиятга эриша олмай келмоқдалар. Масалан, “Турон” сўнгги бор 5 август куни ўз уйида “Насаф”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган. “Сўғдиёна” эса 28 август санасида Жиззахда “Навбаҳор”ни 2:1 ҳисобида таслим қилган. Ҳисоблаб чиқсак, “Турон” ўша ғалабасидан кейин 1 дуранг ва 5 мағлубиятга учради. “Сўғдиёна” бўлса, 1 дуранг ва 4 мағлубият қайд этиб турибди.

Жадвалдаги ҳолатдан яхши хабардор бўлсангиз керак. “Турон” 21 та учрашувда 13 очко жамғариб, охирги ўринда. “Сўғдиёна” клуби 23 очко билан 10-ўринга тушиб қолган. Яйпанликларда “Нефтчи”га қарши битта захира ўйини мавжуд. Ортда қолаётган ҳар бир тур “Турон”ни Суперлигадан узоқлаштириб, про лига томон яқинлаштириб бораётгани ҳақиқат. Ҳа, имконияти бор, бироқ борган сари ўша имконият пасайиб кетаётганини унутмаслик керак. “Турон”ни яна 5 та ўйини қолганини ҳисобга олсак, улар ушбу учрашувларда максимал очко тўплашга мажбур, акс ҳолда ўз жойини яна про лигадан топишига тўғри келади. Ҳозирги ҳолатда “Турон” Суперлигани тарк этишга биринчи рақамли даъвогарликни ҳамон ўзида сақлаб келяпти.

турон_4

“Сўғдиёна”ни юқорида айтиб ўтдик, жиззахликлар ҳам ўз мухлисларини хурсанд қила олмасдан келяпти. Ғалабасиз серия ҳар қандай ишқибозни ранжитгани каби жиззахлик мухлисларни ҳам хафа қилиб келмоқда. Яқинда бош мураббий Иван Бошкович билан шартнома узайтирилганди. Аммо аксига олиб, шундан кейин унинг жамоасида ғалаба қозониш муаммога айланиб бормоқда. Ўтган турда ўз уйида “Андижон”га мағлуб бўлди. Натижада мағлубиятсиз сериясини давом эттириб, ўз салоҳиятини намойиш эта олмаяпти.

“Турон”га қарши кечадиган учрашув Бошкович ва унинг жамоаси учун ҳам ғоят муҳим эканлигини ўзлари яхши ҳис қилиб туришибди. Бунинг учун бош мураббий жамоаси ўйинидаги камчиликларни бартараф этмоғи лозим. Акс ҳолда жамоа яна ўз дарвозасидан голлар ўтказишда давом этаверади. Турнир жадвалида ўз дарвозасидан энг кўп гол ўтказган клуб айнан “Сўғдиёна” бўлиб турибди. Боиси, жиззахликлар 22 та беллашувда 35 марта тўп олиб чиққан ва бу кўрсаткич билан улар пешқадам. Кўриниб турибдики, мудофаа чизиғидаги муаммоларни ҳал қилиш лозим. Аксига олиб, “Турон” билан учрашувда сербиялик ҳимоячи Марко Колакович “Сўғдиёна”га ёрдам бера олмайди. У ўтган турда қизил карточка олиб майдонни эрта тарк этган ва 26 октябрь кунги баҳсда дам олади.

бошкович2_1

Охирги поғонадаги “Турон”нинг ҳимоя чизиғи ҳам табиийки мақтагулик эмас. Улар дарвозасидан кўп гол ўтказиш бўйича “Сўғдиёна”дан кейин иккинчи ўринда. Чемпионат бошидан буён 32 марта тўп олиб чиқдилар. 21 та ўйиннинг фақат 2 тасида ғалаба қозонишди. Аммо биринчи даврага нисбатан солиштирганда натижа бироз ўзгарди. Чунки ўша иккала ғалабасини иккинчи давранинг дастлабки иккита турида қўлга киритди. Шундан кейин яйпанликлар яна биринчи даврадагидек мағлубиятлар гирдобига тушиб қолди.

“Турон” – “Сўғдиёна” қарама-қаршилигида жамоаларнинг ҳимоя чизиғи ўта ишончли эмаслигини ҳисобга олганда, балки бир нечта голлар кўришимиз ҳам мумкин. “Турон”ни бошқараётган Ёрқин Назаров эса ҳужумкор футболни хуш кўради. Шунинг учун ўз майдонида унинг жамоаси аввало гол уриш ва бунинг учун жиддий ҳужумлар уюштириш ҳаракатида бўлади. Ҳа, у ҳимояни ҳам эсдан чиқараётгани йўқ. Аммо турнир жадвалидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўз дарвозасидан гол ўтказган тақдирда ҳам яйпанликлар гол уриб ғалаба қозониши асосий вазифа ҳисобланади. Шу боис “Турон”дан ҳужумкор ўйин кўрамиз. Албатта, бу ҳолат учрашув давомида ўзгариб турса ажаб эмас. Боиси, бу натижага ҳам боғлиқ. Айтайлик, мезбонлар жавобсиз бир-иккита гол уриб олса, ўз-ўзидан ҳимояга кучлироқ эътибор қарата бошлайди. “Сўғдиёна” эса рақибнинг ҳужумларига дош бериши асосий вазифа. Ҳа, маҳорат борасида меҳмонларда анча савияли ижрочилар бор. Агар рақибнинг кучига етарлича баҳо берилмаса, Бошкович жамоаси яна қуруқ қўл билан қайтиши мумкин.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Дувлан
26/10/2023 11:27
Афсус Турон пролигага тушиб кетяпти,бу дегани клуб умуман йўқ бўлиб кетяпти дегани,бунда Ёрқинни хиссаси котта.