Икки терма жамоамиз икки қитъага йўл олишди

Бугун эрта тонгда каратэ ва таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари навбатдаги хориж сафарига йўл олишди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, каратэчиларимиз 19-21 апрель кунлари Марокашнинг Работ шаҳрида бўладиган Премьер лига мусобақасига, таэквондочиларимиз эса Англиянинг Манчестер шаҳрига халқаро ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун сафарга отланишди. Ҳар икки делегациямиз ҳам Тошкентдан Истанбулга учадиган рейсда бирга парвоз қилишмоқда. Ҳамюртларимиз Туркия пойтахтидан икки томонга бўлинишади, дея хабар бермоқда МОҚ. 

Работдаги мусобақада Садриддин Сайматов, Санжар Абдукаримов, Иқболжон Узоқов, Дониёр Отаболаев, Баҳринисо Бобоева ҳамда Барно Мирзаева юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Таъкидлаш жоиз, ушбу турнирда Токио Олимпиадаси учун қимматли рейтинг очколари ўйналади.

Англия сафарига отланган таэквондочиларимиз 28 апрелга қадар йиғин ўтказишади. Йиғин учун Манчестер шаҳри танланишинг ҳам ўзига яраша сабаби бор. 15-19 май кунлари айнан ушбу шаҳар навбатдаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Мазкур йиғинда жаҳоннинг етакчи терма жамоалари ҳам иштирок этиши вакилларимизнинг мусобақадан аввалги жисмоний ҳолатини кўздан кечириб олиш учун айни муддао. Йиғинга жалб қилинган спортчиларимиз қуйидагилар: Дмитрий Шокин, Никита Рафалович, Нигора Турсунқулова, Феруза Содиқова, Мадинабону Маннопова, Шуҳрат Салаев, Валентин Хегай, Чарос Қаюмова, Светлана Осипова.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!