Иккинчи Бектемир Мелиқўзиев ёхуд Аълохон Абдуллаев эътирофидаги ўзгача боксчи!
Бокс бўйича ёшлар ўртасидаги (U22)Осиё чемпионатида -75 кг вазн тоифасида барча рақибларини мағлуб этиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритган Аълохон Абдуллаевни бемалол келажаги порлоқ боксчилар сарасига қўшсак бўлади. Зеро, у ўсмирлар, ёшлар ва мана энди катталар ўртасидаги мусобақаларда ҳам яхши натижалар қайд этмоқда. Биз ушбу ёш истеъдод эгаси билан суҳбат уюштирдик:
- Аввало, нвбатдаги муваффақиятингиз яъни, ёшлар ўртасидаги (U22) Осиё чемпионати ғолиблиги билан муборакбод этамиз!
- Раҳмат. Эътибор учун хурсандман.
- Келинг бошидан бошласак, сиз ўзбек ММА оламининг анча машҳур вакили, илк “қалдирғоч”ларидан бири Аюбхон Камоловнинг ўғли бўласиз. Айтинг-чи, нега отангиз каби ММА ёки самбони эмас, боксни танлагансиз?
- Тўғриси, ёшлигимиздан боксга қизиққанлигимиз сабабли, отамиз ҳам ушбу спорт тури билан шуғулланишимизни истаган. Лекин ўз спорт туридан ҳам машғулотлар ўтаб туради.
- Демак, дастлабки мураббийингиз отангиз...?
- Ҳа, албатта.
- Аюбхон Камоловнинг энг кучли жиҳати кураш эди. Эҳтимол, сизга ҳам бу борада иқтидор ўтгандир? :)
- Албатта, отамизнинг кучли жиҳатларидан бизга ҳам ўтган десак бўлаверади. :)
- Сиз ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида бир қатор натижалар қайд этгансиз. Келинг шунга алоҳида-алоҳида ойдинлик киритсак?
- Ўсмир ва ёшлар ўртасида Осиё чемпиони, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби, катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, турли хил халқаро турнирлар ғолиби ва совриндори бўлганман. Бироқ, буларнинг бари бошланиши холос. Насиб қилса, янада яхши натижалар қайд этишга ҳаракат қиламиз.
- Умуман дастлабки расмий мусобақада қайси вазнда иштирок этгансиз?
- Ёшлигимда -48 кгда бошлаганман. Кейинчалик -54, -60 кг вазнда ҳам мусобақаларда иштирок этганман. Ҳозирга келиб, -75 кгда ҳаракат қилаяпман.
- 69 кг вазндан - 75 га кўтарилдингиз бу нима билан боғлиқ, шунчаки вазн қилишга қийналдингизми ёки ўзингиз хоҳладингизми?
- Шу вазн қилиш борасида муаммолар юзага келди. Шунинг учун -75 га кўтардик.
- Фаолиятингиз мобайнидаги энг аламли мағлубиятингиз ҳақида сўз юритсангиз?
- 2021 йилги Ўзбекистон чемпионатининг ярим финал жангидаги мағлубиятимни айтган бўлардим.
- Биласизми, сизни услубингизни Бектемир Мелиқўзиевникига ҳам ўхшатадиганлар бор. Бу фикрга қандай қарайсиз?
- Бу ҳақида жуда кўпчиликдан эшитганман. Албатта, Бектемир акамизга ҳавас қилганмиз, у каби ҳаракат қилишга интиламиз. Услубларимизда ўхшашлик бор, деб айтсам ҳам бўлади.
- Профессионал боксда ҳам фаолиятингизни бошлагандингиз. Бу давом этадими?
- Қисқа муддат профессионалда ҳам иккита жанг ўтказдик. Насиб қилса, ҳаваскор боксда Олимпиада, жаҳон чемпионатларида натижа қилиб, яна профида ҳам жанглар ўтказамиз, деган ниятдаман.
- Фаолиятингиз мобайнида Бобоусмон Батуров, Саиджамшид Жафаров, Азизбек Тожиев, Камронбек Турғунбоев, Абдулазиз Абдупаттаев, Логин Петров каби кўзга кўринган боксчилар билан тўқнаш келгансиз. Улар орасида қай бири ростмана сиз учун энг ноқулайи бўлганди ва қай бирининг зарбаси кучли?
- Барчаси яхши ва кучли боксчилар ҳисобланади. Бироқ, улар орасида Логин Петров мен учун анчагина ноқулай ва зарбалари ҳам жуда кучли. У билан рақиблик фақатгина рингда бўлади. Аслида, қалин дўстмиз. У бошқача боксчи!
- Барибир ҳаваскор йўналишда Олимпиада биринчи рақамли турнир ҳисобланади. Тўрт йилликнинг энг нуфузли турниридан эса -71 кг вазн тоифаси ўрин олган...?
- Нима демоқчи бўлганлигингизни тушундим. Бунга қадар, ҳали вақт бор. Кўрамиз, қайси вазн тоифасида урушамиз...
- Суҳбат учун ташаккур. Келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз!
Раҳмат!
Фикрлар