Иккинчи тур бизга Африка вакилларини рўбарў қилди. Кураш қизғин кечади!

Венгриянинг Будапешт шаҳри шахмат оламининг энг нуфузли мусобақаси 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасига мезбонлик қилмоқда.

Бутун дунёдан 200 га яқин давлат терма жамоалар эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда ғолиблик учун куч синашади. Олимпиада иштирокчиларининг умумий сони 630 нафар спортчини ташкил қилмоқда. Улардан 246 нафар гроссмейстерлардир.

Бу мусобақада Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Ҳиндистонда ўтказилган аввалги мусобақада қўлга киритилган чемпионлик унвонини ҳимоя қиляпти.

Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасини ғалаба билан бошлаб олган Ўзбекистон эркаклар ва хотин-қизлар терма жамоалари иккинчи турда Африка қитъаси вакилларига рўбарў келди.

Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Олимпиаданинг биринчи турида Тринидад ва Тобаго терма жамоасини 3,5:0,5 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Иккинчи турда гроссмейстерларимиз Миср терма жамоаси шахматларига қарши дона суради.

Жуфтликлар қуйидагича кўриниш ҳосил қилди:

Гроссмейстер Адҳам Фавзий 2507 – гроссмейстер Нодир Абдусатторов 2766                           

Халқаро тоифадаги спорт устаси Карим Важих 2402 – гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев 2666        

Халқаро тоифадаги спорт устаси Ҳамид Вафо 2368 – гросмейстер Жавоҳир Синдоров 2677                              

ФИДЕ устаси Самиҳ Содиқ 2269 – гроссмейстер Шамсиддин Воҳидов 2650.

Хотин-қизлар мусобақасида биринчи турда гаитилик қизлар устидан 4:0 ҳисобида зафар қучган шахматчиларимиз навбатдаги учрашувни Ангола терма жамоасига қарши ўтказади.

Унда қуйидаги жуфтликлар ўзаро рақобат олиб боради:

Аёллар ўртасида ФИДЕ устаси Жемима Пауло 2037 – аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси Афруза Ҳамдамова 2313

Аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси Эсперанса Чахита 1932 – аёллар ўртасида гроссмейстер Нилуфар Ёқуббоева 2248                             

Аёллар ўртасида ФИДЕ устаси  Эднасия Жуниор 1888 – аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси Умида Омонова 2032                

Аёллар ўртасида ФИДЕ устаси  Луция Пирес 1877 – аёллар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси Маржона Маликова 2083.

Мусобақа қоидасига кўра, ҳар бир терма жамоа беш нафар шахматчилан таркиб топади. Ҳар турда улардан тўрт нафари дона суради ва биттаси захира ўйинчиси вазифасини бажаради. Мусобақа швейцарча тизимда 11 раунддан иборат бўлади.  

Вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйин тугашигача 30 дақиқа қўшилади, ҳар бир юриш учун биринчисидан бошлаб +30 сония берилади.

Шахмат Олимпиадасини ғалаба билан бошладик!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!