Илдар Маматказин: "Финалга бир қадам қолди. Мухлисларимиз бизга ишонишяпти"

“Андижон”ни олдинда жуда муҳим ҳамда масъулиятли ўйинлар кутяпти. Жамоа чемпионатда ҳам, Ўзбекистон Кубогида ҳам ўз олдига қўйган мақсади сари одимлаб бормоқда.

“Бургутлар” 30 август куни Кубок ярим финалида “Бобур арена”да “Сурхон”ни қабул қилади. Унгача эса бу клублар 18 август куни чемпионат доирасида “Бобур арена”да куч синашадилар.

Жамоа аъзолари бор эътиборини аввало 18 август куни бўладиган учрашувга қаратишга. “Андижон” сардори ва етакчиси Илдар Маматказин эса клуб матбуот хизматига интервью берди.

- Илдар "Андижон" жамоасининг Ўзбекистон Кубоги ярим финалидаги рақиби ҳам аниқланди. Жамоа ўз майдонида "Сурхон"га қарши майдонга тушадиган бўлди. Сиз бу қуръани кутганмидингиз? Нима дея оласиз?

- Ҳа, куни кеча Ўзбекистон Кубоги ярим финалига қуръа ташланди. Унга кўра, бизга “Сурхон” жамоаси тушди. Кутганманми? Айтиш мумкинки, бу ўз номи билан қуръа. Қуръада эса ҳар бир жамоа рақиб бўлиши мумкин ва ҳар нарсага тайёр бўлишимиз керак.

- Қизиғи, “Андижон” 18 август куни "Сурхон"га қарши "Бобур арена"да Суперлига доирасида ҳам ўйнайди. Орадан кўп ўтмасдан жамоалар Кубокда ҳам тўқнашишади. Бир жамоа билан қисқа фурсат ичида икки марта тўқнаш келиш ноқулай эмасми?

- Ҳа, 12 кун ичида “Сурхон” билан икки марта ўйнаймиз. Қулайми ёки ноқулайми, барибир майдонга чиқиб, яхши натижага эришишимиз керак. Биз ҳар бир учрашувда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилиш бор кучимизни ишга соламиз, бу аниқ.

- Айни пайтда жамоани “Сурхон”га қарши ўйинга тайёргарлиги қандай давом этяпти?

- Бўлажак учрашувга тайёргарлигимиз яхши бўляпти. “Сурхон” жамоаси жиддий рақиб. Бежизга улар ярим финалга етиб келишмади ва чемпионатда ҳам яхши натижа кўрсатишяпти. Биз ушбу учрашувга жиддий тайёрланяпмиз. Қизиқарли ўйин бўлади. Мухлисларимизни ғалаба билан хурсанд қилиш мақсадида меҳнат қиляпмиз.

- Ўзбекистон Кубоги финалига бир қадам қолди. Буни ҳис қилиш босимни сездирадими ёки ҳаяжонними?

- “Андижон” жамоамиз тарихда биринчи марта Кубок мусобақасида ярим финалга чиқди. Энди финалга бир қадам қолди. Албатта, ҳаяжон ва босим бўлади. Маъсулиятни ҳамма билиб турибди. Худо хоҳласа, мухлисларимизни ёрдами билан финалга чиқамиз.

- Иккинчи даврани кутилмаганда иккита мағлубият билан бошлаган жамоа ўтган ўйинлардан қандай хулоса чиқарди?

- Ҳа, иккинчи даврани омадсиз бошладик. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради. Биз тўғри хулоса чиқариб, ушбу омадсизликни ўзимиз енгиб ўтишимиз керак. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Меҳнат қилишда давом этамиз. Мухлисларимиз бизга ишонишяпти. Мана, кеча фан-клубимиз машғулотимизга келиб, бизга анча далда берди, қўллаб-қувватлади. Бу ҳам бизга анча куч беради. Шу фурсатдан фойдаланиб, уларга раҳмат айтмоқчиман, жамоамиз номидан. Биз ҳам ишқибозларимизнинг ишончини қозониш учун охиригача курашамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!