Илдар Сакаев: Ўтказиб юборилган тезкор голлар бизни қийин вазиятга солиб қўйди
Ads

Хабарингиз бор бугун Ўзбекистон кубоги чорак финалидан ўрин олган "Андижон" ҳамда "Бунёдкор" (1:2) жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиб ўтди. Учрашувдан сўнг матбуот анжуманида мезбонлар бош мурабийи Илдар Сакаев иштирок этди ва ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

- Биласиз, "Бунёдкор" кўп карра мамлакат чемпиони ҳисобланади. Бироқ, бу футбол. Оддий вазиятларда голлар ўтказмаганимизда балки барчаси бошқача бўлиши мумкин эди. Тезкор иккита гол қўйиб юбордик ва қийин аҳволга тушиб қолдик. Оддий қилиб айтганда Суперлигада 4-ўринда бораётган клубга қарши ўйинда ўзимизни синаб кўрдик.

- Ижара шартномасида рақиб "Бунёдкор" бўлса бу футболчилар ўйнамаслиги ҳақида банд бор эди. Шахсан ўзим бундай бўлмаслигини хоҳлардим.

- Вазифа Про-лигада 1-ўринни олиш ва Суперлигага чиқиш. Вазифа ўзгарган йўқ. Тўғри ҳозир вазият бироз оғир. Ўйлашимча олишимиз керак бўлган 5 очкони бой бердик. Барча айбни ўз бўйнимга оламан. Қайтараман вазифа ўзгармаган ва буни бажаришга ҳаракат қилишда давом этамиз.