Илҳом Мўминжонов: "Мақсад ўзгардими? "Динамо" ҳам қайсидир йили "Лестер эртаги"ни такрорлаб, мавсум сўнгида элитани тарк этганди"
Ўзбекистон Кубоги 1-туридан ўрин олган "Динамо" - "Нефтчи" учрашувидан сўнг фарғоналиклар бош мураббийи қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.
"Кубок баҳсларида чиройли ўйин кўрсатиб, кейинги босқичга чиқишга ҳаракат қиламиз. Бугунги ғалаба учун йигитларга катта раҳмат айтмоқчиман. Улар баҳс олдидан берган кўрсатмаларимни тўлиқ бажаришди. Энди бор эътиборимизни чемпионат доирасидаги "Қизилқум"га қарши беллашувга қаратамиз.
Бугунги зафар шогирдларимга руҳан ижобий таъсир қилиши тайин. Ҳеч кимга сир эмас, дастлабки турда яхши ҳаракат қилиб, кейингиларида имкониятни бой берган эдик. Қайтиб олганимиз яхши бўлди. Уни устига, Аброр Исмоилов ҳам сафга қайтди ва фақат олдинга ҳаракат қиламиз.
Лутфулла Тўраевнинг жароҳати режаларимизга таъсир кўрсатгани рост, лекин уларни бутунлай ўзгартириб юборди, демаган бўлардим. Тўғри, у тажрибали футболчи, лекин таркибда бошқа савияли футболчилар йўқ эмас.
Суперлигадаги мағлубиятлар мавсум учун қўйилган режаларни ўзгартирмайди. Қайсидир йили айнан "Динамо" ҳам чемпионатни кетма-кет 4 ғалаба билан бошлаб, "Лестер эртаги"ни такрорлаганди. Бироқ мавсум сўнгида элитани тарк этган. Шу боис, нимадир дейишга ҳали эрта.
Бугун "Динамо" ҳам яхши ўйин кўрсатди. Аммо урилган тезкор гол уларнинг режасини ўзгартириб юборди деб ўйлайман".
Фикрлар