Илҳом Мўминжонов: Одил Аҳмедовнинг таклифига биноан

“Навбаҳор” – “Норин” ўртасидаги ўтиш ўйинидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Навбаҳор” мураббийи Илҳом Мўминжонов иштирок этди.

- Мен Одил Аҳмедовнинг қўнғироғидан кейин “Навбаҳор”даги вазиятти ўрганиб чиқдим. Наманган вилояти ҳокими билан учрашув жамоани Олий Лигада олиб қолиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилишимиз кераклигини келишиб олдик.

Мен “Навбаҳор” мураббийлигига келганимда вазият жуда оғир эди. Лекин мана кўриб турибсиз клубни Олий Лигада олиб қолдик. Бундан барча хурсанд. Бунинг учун ёрдамчиларимга ҳам раҳмат.  

Бундай қорли майдонда ўйин ўтказиш осон эмас. Бу вазиятда Биринчи Лига ёки Иккинчи Лига иштирокчиси сизга рақиблик қиладими фарқи йўқ. Шу шароитларда ҳар қандай ҳисоб қайд этилиши мумкин. Шунинг учун мен футболчиларга бу баҳс жуда қийин ўтишини айтиб ўтгандим ва амалда ҳам шундай бўлди.

Стадион қордан тозаланмаганини кеча билгандим. Шунинг учун футболчиларни Қибрайдаги қорли стадионда шуғуллантиргандик. Қолаверса, бугунги беллашувда бизга омад ҳам кулиб боқди. Мен Наманган аҳлини бугунги ғалаба билан табриклайман.

Жамоада келаси йили ўзгаришлар бўлади. Бу футболчилар жамоада қолишади. Асосий эътибор, барибир маҳаллий ўйинчиларга қаратилади, - дейди "Навбаҳор" устози.