Илҳом Қурбонов: Музокаралар ижобий якунланса, Хомяков “Андижон”да ишлаши мумкин
Ўтган ҳафтада Андижонда шундай гап тарқади: жамоага яна янги мутахассис келаётган экан ва унга кўра бош мураббийликка Александр Хомяков тайинланиши мумкин. Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди. Биз эса воқеалар ривожини кузатган ҳолда ушбу вазиятга чуқурроқ ёндашишга ҳаракат қилдик. Чиндан ҳам “Машъал” клубини бошқариб келаётган россиялик мутахассис ўтган ҳафта ўрталарида Андижонга келиб, жамоадаги ишлар билан яқиндан танишди. Машғулотларни кузатди, клуб раҳбарлари билан гаплашди ҳамда Наманганда “Навбаҳор”га қарши бўлиб ўтган водий дербисини ҳам томоша қилди.
Аслида сўнгги пайтларда «Машъал»нинг бош мураббийига Суперлиганинг айрим жамоаларидан қизиқишлар бўлаётганлиги ҳақидаги маълумотларни эшитиб тургандик. Бу борада «Андижон»дан ташқари «Бухоро» ва «Сурхон» клубларининг номлари ҳам тилга олинаётганди. Аммо кўринишидан Хомяковга андижонликларнинг иштиёқи анча жиддийга ўхшайди. Мавсумни Элдор Сакаев бошчилигида бошлаган «Бургутлар» кетма-кет очколарни йўқотавергач, 8-турдан кейин Жамшид Саидов вақтинчалик бош мураббийлик вазифасига киришганди. Лекин Сакаев клуб тизимида қолганини ҳам айтиш жоиз. Жамоа эса Саидов бошчилигида «Пахтакор»га йирик ҳисобда ютқазган бўлса, Наманганда «Навбаҳор» билан дуранг ўйнаб қайтди. Лекин ҳали мавсум охиригача узоқ давом этади ва шу боис «Андижон» Хомяковга жиддий қизиқаётган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳозирча мураббийнинг «Андижон»да иш бошлаш масаласи тўлиқ якунлангани йўқ. Чунки мутахассиснинг «Машъал» билан тузилган шартномаси бор. Хўш, бу вазиятга «Машъал» раҳбарлари қандай муносабатдалар? Шунинг учун клуб вице-президенти Илҳом Қурбонов билан боғланиб, Хомяков масаласига ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.
- Александр Андреевич билан қишда икки йиллик янги шартнома имзолаганмиз, - дея гап бошлади, Қурбонов. - Лекин шартнома бандида унга агар Суперлига жамоасидан таклиф бўладиган бўлса, буни кўриб чиқамиз деган жойи бор. “Андижон” эса бизга Хомяков билан музокара олиб бориш учун рухсат сўраб хат билан мурожаат қилди ва биз бош мураббийимизни андижонликлар билан музокара олиб боришига ижозат берганмиз. Хомяков эса бунинг учун Андижонга бориб, аввал шароитларни кўрмоқчи бўлди.
- Хомяков билан 10 йил давомида биргаликда ҳамкорлик қилиб келдинглар. Энди кўринишидан у билан хайрлашиш вақти етиб келгандек...
- Аслида биз мураббийимиз билан ишлашда давом этаверамиз. Аммо уни ҳам кўнглига қарашимиз керак. У ҳам Суперлигада ишламоқчи ва Осиё Чемпионлар лигасида мураббийлик қилмоқчи. “Андижон” билан музокараларни олиб боряпмиз. Агар музокаралар ижобий якунланса, Александр Андреевич “Андижон”да иш бошлаши мумкин. Шундай экан, ҳаммаси музокараларга боғлиқ. Тўғри, Хомяковнинг “Машъал”да тутган ўрни кичкина эмас. У жамоамизда 8 йил давомида бош мураббий бўлиб ишлаган бўлса, икки йилча ёрдамчи мураббий сифатида ҳам меҳнат қилган. Унинг жамоамизга қўшган ҳиссаси катта. Академиямизнинг ривожланишида мутахассис улкан улуш қўшди. Лекин менинг фикрим шундайки, жамоа ҳеч қачон бир кишига қараб қолмаслиги керак. Балки бўладиган ўзгаришлар яхшиликка олиб келар. Мабодо, у кетган тақдирда ҳам “Машъал”даги ишлаб турган механизм тўхтаб қолмайди. Хомяков масаласида “Андижон” билан келишиб олсак, унинг ўрнига ўзимизнинг ёш кадрларимиз ишни давом эттиришади. Агар мавсум охиригача ишончни оқлай олмасдан турли қийинчиликларга дуч келишса, четдан бошқа мутахассис олиб келиш режасини кўриб чиқамиз.
- Хомяков кетадиган бўлса, унинг ўрнини айнан қайси мураббий эгаллайди?
- Ҳозирги кунда мураббийлик лицензияси бор бўлиб, ишлаш ҳуқуқига эга бўлган Асрор Алиқуловни айта оламан. У Хомяковнинг биринчи ёрдамчиси. Аслида Алиқуловни “Машъал”га олиб келишимизнинг асл моҳияти ҳам шунга яқин эди. Барибир кун келиб Александр Андреевич кетаман деб айтиши мумкин эди. Ёки бўлмаса икки йил давомида про-лигада ишлаб ўз ишидан қониқмасдан кўнгли совуши ҳам мумкин эди. Шунинг учун раҳбарият янги қон керак деса, бунга ҳам тайёр туришимиз керак эди.
- Қишда ҳам Александр Хомяковнинг мавзуси кўтарилганди ва уни жамоада қолиши ёки кетиши долзарб масалага айланганди. Шундай вазиятда сиз у билан янги икки йиллик шартнома имзолагандингиз. Ҳозир эса вазият яна ўзгарадиган бўлиб турибди. Бироқ ўртада шартнома масаласи ҳам бор. Бу борада вазиятга қандай ечим топмоқчисизлар?
- Бунинг учун “Андижон” билан музокарани бошладик. Бир нарсага ҳайрон қоламан, бунгача биз билан ҳамкорлик қилиб келаётган хорижлик танишларим билан гаплашганимда мураббийнинг шартномаси бўлса, уни сотиш ҳуқуқига эгаманми-йўқми, деган саволни ўртага ташладим. Аслида ҳам унинг “Машъал” билан шартномаси борми, демак уни сотиш ҳуқуқига эгалигимни таъкидлашяпти. Шу боис мураббийни сотаман десам, бошқалар мураббий ҳам сотиладими, бундай қилиб янгилик киритиб, Америка кашф қилма деган гапларни ҳам айтишяпти. Ахир бизда маркетинг ишлаяпти ва уни қандай ривожлантираман, демак, бунинг учун ўзим истаган ишни қиламанми? Бу вазиятда кимни сотишимни нима фарқи бор? Бир йиллик шартномаси бор бўлган футболчини сотдим нима-ю, мураббийни сотдим нима? Шундай экан, менинг фикрим шундай: уни биз билан шартномаси борми, демак уни сотиш ҳуқуқига эгаман.
Фикрлар