Илк бор жамоасини ўзгартирган футболчи ёхуд ўзини нега айбдор ҳис қилиши ва "Сурхон"га ўтишига нима сабаб бўлганини биласизми?

“Сурхон” клуби таркибини бир мунча янгилади. Легионерлар билан биргаликда маҳаллий футболчилар ҳам чақирилди. Уларнинг орасида истеъдодли ярим ҳимоячи Бахтиёр Қосимов ҳам бор. Бир неча йил “Андижон” шарафини ҳимоя қилган футболчи энди “Сурхон” учун майдонга тушади. У Суперлигада илк бор жамоасини ўзгартирди.

- Илк бор “Андижон”ни тарк этдингиз ва фаолиятингизни бошқа жамоада давом эттирасиз. Бундай қарорга келишингизга асосий сабаб нима?

- Асосийси, олдимга қўйилган мақсад. Мен яна Суперлигада тўп суришни истадим. Айниқса, испаниялик мураббийлар қўли остида футбол ўйнагим келди. Шунга қизиқиб ҳам келдим. Улардан нимадир ўрганишни хоҳлайман.

- Бу сиз учун янги жамоа. “Сурхон”га мослашув қандай кечяпти? Илк таассуротларингиз қандай?

- Жамоадаги кўплаб футболчилар таниш. Ёшликда бирга ўйнаганмиз, академияда биргалашиб таҳсил олган дўстларим ҳам бор. Бу жамоага мослашиб кетиш осон бўлди. Барча футболчилар билан ажойиб муносабатдамиз. “Сурхон”даги ички муҳит яхши.

баха1

- Испаниялик Анхель Лопес қандай мураббий экан? Сизларга янгича услубларни ўргатяптими?

- Жуда талабчан экан. Футболчилардан ҳамма нарсани талаб қилади. Ўзи ҳам агрессив футболни хоҳлайдиган мураббий. Қолгани чемпионат давомида кўринади.

- Ушбу мураббий қўл остида ўзингизни қанақа тасаввур қиляпсиз?

- Анча яхши. У руҳий ва футбол томонлама ҳам қўллаб-қувватлайди. Ҳақиқий профессионал экан. Жамоани яхши тайёрлайди. Тартибни ҳам жойига қўяди.

баха_1

- Олдингизда бошқа таклифлар ҳам бормиди? Нима учун “Сурхон”ни танладингиз?

- Испанларни ўзи мени таклиф қилишди. Уларнинг чақирувига ўзим ҳам қизиқдим. Ўйин савиямни янада оширмоқчиман. Тўғри, яна бир-иккита клублардан қизиқишлар йўқ эмасди. Аммо аниқ таклиф “Сурхон”дан бўлди.

- “Сурхон”нинг олдига аниқ вазифа қўйилдими?

- Ҳа, вазифа қўйилди. Саккизталикдан пастга тушмаслик. Биз иложи борича юқори ўринлардан бирини эгаллашга ҳаракат қиламиз.

баха4

- Чемпионатнинг дастлабки ўйини “Олимпик”ка қарши ўтади. Бу баҳсга тайёргарлик қандай бўлди? Учрашув олдидан нималар дея оласиз?

- Тайёргарлигимиз режа асосида бўлди. Бир қатор ўртоқлик учрашувларида қатнашдик. Ўзбекистондаги кўплаб клублар Туркияда йиғин ўтказишгани учун биз кўпроқ про лигадаги клублар билан ўйнадик. Биз “Олимпик” билан баҳсда фақат ғалабани ўйлаяпмиз ва шунга яраша тайёрланяпмиз. “Олимпик” ёш жамоа. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси аъзоларидан ташкил топган жамоа. Ўйлашимча, жуда яхши ўйин бўлади.

- “Андижон”дан кетиш қийин бўлмадими? Мухлислар сизни қолишингизни исташганди...

- У ердан кетиш жуда қийин бўлди. Клуб раҳбари Журъат акага катта раҳмат. Кетишдан аввал у кишини олдига бориб гаплашдик. Кетишим олдидан дуосини олдим. Суперлига барибир Суперлигада. У ерда ўйнаб, ўсишга эришасизлар деди. Бир-биримизга омад тиладик. Барибир “Андижон”ни тарк этиш оғир бўлди. Иложи йўқ, футбол шунақа экан-да. Бугун бу ердасиз, эртага бошқа ерда.

баха2

- “Андижон” про лигада ҳаммасини яна бошидан бошлаяпти. Ўтган йили Суперлигани тарк этганида ўзингларни айбдорек ҳис қилдингларми?

- Албатта, айбдордек ҳис қиламиз, боз устига андижонликмиз. Жамоа тушиб кетганидан қаттиқ изтироб чекдик. Мухлисларни ранжитиб қўйдик, бунинг учун узр сўраймиз. Пешонада бор экан, шу кунларни ҳам кўрдик. Андижонлик мухлислар ҳар доим Ўзбекистонда энг яхшиси эканлигини исботлаб келишган. Ишонаманки, “Андижон” ишқибозларини хурсанд қилиб яна Суперлигага қайтади. Тўғри, биз ҳам қаттиқ қайғуга ботдик, аммо ҳаёт давом этади. Раҳбариятга ҳеч қандай эътироз йўқ. Улар ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Асосий айб футболчиларда бўлди. Кўп ўйинчиларимиз ёш эди, тажриба ва омад ҳам етишмади, деб ўйлайман. “Насаф”га пенальтидан гол ура олмадик. АГМКни ютаётган жойимизда ютқазиб қўйдик.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!