Иман Агапур: Ўзбекистонлик спортчилар ҳам ғолиблик учун асосий даъвогарлардан ҳисобланади

Хабар берганимиздек, 1-5 май кунлари пойтахтимизда панкратион ва грепплинг бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақага дунёнинг кўплаб давлатларидан спортчилар ташрифи давом этмоқда.

Sports.uz мухбири Эрон терма жамоаси аъзоси Иман Агапур билан суҳбатлашиб, унинг мусобақа ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

-Мен -71 кг вазн тоифасида ҳам панкратион, ҳам грепплинг бўйича баҳсларда иштирок этаман. Рақиблар ҳақида гапирадиган бўлсам, жаҳон чемпионатига оддий спортчи келмайди. Аммо улар орасида Украина ва Қозоғистон терма жамоалари аъзолари биз учун асосий рақобатчи бўлади деб ҳисоблайман. Кучли терма жамоалар қаторига шунингдек мезбон ўзбекистонлик спортчиларни ҳам қўшган бўлардим. Боиси мамлакатингизда ҳам яккакураш спорт турлари яхши ривожланган.

Ўзбекистонда аввал ҳам бир неча марта бўлганман. Жумладан, жиу-житсу ва кикбоксинг бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларда қатнашганман ва ўзбекистонлик спортчиларнинг қай даражада кучли эканини яхши биламан. Аммо биз ҳам боримизни бериб, совринли ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Шу ўринда айтишим лозимки, ўз вақтида Олимпиада ва жаҳон чемпионатлари ғолиби эронлик машҳур Ҳасан Яздани билан бирга машғулотлар олиб борганман ва у ерда тўплаган тажрибаларим менга мана шундай мусобақаларда ғалаба қозониш учун ёрдам беради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!