Индонезиядаги легионеримиз қачон майдонга қайтади?
Аста-секин миллий биринчиликларда футбол ўйинлари бошланяпти. Бу борада ўзимизнинг чемпионатга ҳам рухсат берилганини яхши биласиз. Лекин ҳали ҳам футболни таъқиқлаб қўйган мамлакатлар бисёр. Биз эса легионерларимиз тўп сураётган чемпионатларга кўпроқ эътибор қаратамиз.
Масалан, Индонезия чемпионатида “Борнео” клуби сафида тўп сураётган ўзбекистонлик футболчи Жавлон Гусейнов ҳозир қандай ҳолатда?
Маълумки, у ерда ҳам худди биздаги каби янги мавсум бошланиб, дастлабки учта тур баҳслари ҳам ўтказилган. Унга кўра Гусейновнинг жамоаси олти очко жамғариб, учинчи ўринда бораётганди. Кейин эса карантин туфайли чемпионат тўхтатиб қўйилди. У ерда ҳалигача футболга рухсат берилгани йўқ. Ҳамюртимиз билан алоқага чиққанимизда чемпионат қачондан бошланишини айтди.
- Индонезияда чемпионат сентябрь ойига қолдирилди ва келаси йилнинг апрелигача давом этар экан. Шундай қилиб, у ерда ҳам чемпионат куз-баҳор тизимига ўтадиган кўринади.
Айни пайтда ҳам Индонезияда карантин сабабли таътилдамиз. Биздаги каби у ерда ҳам уч ойдан бери футбол ўйинлари ўтказилаётгани йўқ. Қачон бошланаркин, дея сабр қилиб ўтирибмиз.
Шу боис ҳозирча жамоавий машғулотларга рухсат берилмади. Балки июль ойининг охирида бошлашимиз мумкин. Ҳозирда эса фақат жамоамиздаги легионерлар билан югуриб турибмиз, - дейди Гусейнов Sports.uz сайтига.
Фикрлар