Инфантино 30 млн доллар маошли корхона раҳбари бўлишни режалаштирган

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

ФИФА президенти Джанни Инфантино ўзининг президентлик ваколати якунланганидан сўнг FIFA Forward Enterprise номли янги тузилаётган корхонага раҳбар – комиссар сифатида ўтишни режалаштиргани маълум бўлди. Ушбу тузилмага жаҳон чемпионати ҳамда қатор йирик мусобақаларни ўтказиш ҳуқуқларини ўтказиш, шунингдек, корхонадаги улушни ташқи инвесторларга сотиш кўзда тутилган эди. The Times нашрининг бош мухбири Мартин Зиглернинг ёзишича, Инфантино учун бу лавозимда йиллик асосий маош 30 миллион доллар атрофида бўлиши керак эди, бу суммага мукофот ва бонуслар кирмаган.

Аввалроқ оммавий ахборот воситалари ФИФА раҳбари томонидан ташкил этилаётган FIFA Forward Enterprise (FFE) компаниясидаги улушни сотиш режаси ҳақида хабар тарқатган эди. Янги тузилма федерациянинг барча тижорат фаолияти ва мусобақаларни ташкил этиш ишларини бир қўлга жамлашни кўзлаган. Бироқ ортидан бу ташаббус бекор қилингани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Бунга ФИФА ичидаги қатор масъул шахсларнинг норозилиги, эҳтимолий бойкот таҳдиди ва раҳбариятдаги ихтилофлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шунингдек, Инфантино ишлаб чиққан деб ҳисобланаётган ушбу сотув режаси унга шахсан ўнлаб миллион фунт стерлинг миқдорида даромад келтириши мумкинлиги ҳақида ҳам хабар берилган. Музокаралар АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятига яқин шахслар билан олиб борилгани айтилмоқда. Қатор футбол ташкилотлари ва спорт арбоблари бу ташаббусни кескин танқид қилиб, очиқ эътироз билдирган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!