"Интер" Лукакуни қанчага сотиши маълум қилинди

"Интер" раҳбарияти жамоанинг бельгиялик тўпурари Ромелу Лукакуни сотиш масаласини муҳокама қила бошлади. Бу ҳақда Corriere dello Sport нашри хабар тарқатмоқда.

Юқоридаги манбага кўра, агар Лукаку масаласида “нерадзуррилар”ни қаноатлантирадиган таклиф келиб тушса, миланликлар уни сотиб юбориши мумкин. Лекин шу билан бирга “Интер” Лукакуни ўзида сақлаб қолиш истагини ҳам билдирмоқда. Аммо коронавирус пандемияси туфайли юзага келган кучли молиявий инқироз ушбу клубга ҳам бевосита катта зарар етказди. Шу сабабли, “Интер” раҳбарияти ёзда жамоанинг айрим етакчи футболчиларини, шу қаторда Лукакуни ҳам сотишга мажбур бўлиши мумкин.

Айрим хабарларга қараганда, "Интер" Лукакуни 120 млн евродан камига қўйиб юбормоқчи эмас. Айтиш лозимки, миланликлар уни 2019 йилнинг ёзида "Манчестер Юнайтед"дан 74 млн евро эвазига сотиб олган эди.

Ромелу Лукаку жорий мавсум "Интер" сафида жами 34 та ўйинда майдонга тушди. Бельгиялик футболчи ушбу ўйинларда рақиблари дарвозасига 25 та гол урди ва яна 7 та голга ассистентлик қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!