“Интер” учун ҳаёт-мамот жанги ёхуд “Реал” Рамоссиз нимадир қила оладими?
Чемпионлар Лигасининг жорий йилги мавсуми нисбатан кутилмаган натижаларни камроқ тақдим этмоқда. 4 та гуруҳда етакчилар плей-офф масаласини ҳал қилиб улгурди.
Аммо бир гуруҳ борки, унда фаворит дея қаралган клублар ҳам сўнгги тургача келгуси босқич илинжи билан яшашга мажбур қилинмоқда. Бизнинг хаёлимизда ҳали ҳам ушбу жамоалар гуруҳни биринчи ва иккинчи ўринларда якунлайдигандек туюлмоқда. Бу биринчи даврани мағлубиятсиз ўтказган “Боруссия” Мюнхенгладбахга нисбатан адолатсизлик. Турнир аввалида биз мутлақо бошқача сценарий кутгандик: 3-4-турларда бўлиб ўтиши керак бўлган ушбу қарама-қаршилик гуруҳ ғолибини аниқлаб бериши лозим эди. Бугун улар гуруҳда ким қолиб кетиши масаласига ойдинлик киритиб олиш учун “Жузеппе Меацца”да саф тортишади. Жамоаларнинг бугунги ҳолати ва баҳснинг аҳамияти ҳақида қуйида батафсилроқ тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз.
“Интер”
Миланликлар А Серияни яна беқарорликда ўтказмоқдалар. Жамоа 8 та турдан сўнг, 15 очко тўплаган ҳолда, 5-поғонада кетмоқда. Мавсум бошидан буён танқидлар кўчасидан чиқолмаётган “Ювентус” ҳам улардан олдинда бормоқда. Кўпчилик футбол мухлислари АПЛ ўйинлари билан андармон бўлиб юрган бир пайтда, А Сериядаги кураш ҳам анча катта интрига касб эта бошлади. Ҳамюртларимизнинг аксар қисми ушбу биринчиликни 2 футболчи: Роналду ва Шомуродов учун кузатиб боради. Аммо яхшилаб эътибор берсангиз, Италия миллий чемпионатида нақд 8 та клуб чемпионлик учун жиддий кураш олиб боряпти. Ҳа, “Рома” ва “Сассуоло”да амбициялар бироз паст. Римликлар инқироз ҳолатида фаолият олиб боришда давом этяпти. “Сассуоло” эса Апеннин яриморолида янги пайдо бўла бошлаган гранд жамоалардан бири. Унинг тақдири “Аталанта”никига ўхшаб кетади.
“Неррадзурилар” мана шундай кучли чемпионатда баҳс олиб боряпти. Албатта, бу уларга халқаро майдонда ёрдам бериши керакдек эди. Аммо барчаси чаппасига кетяпти. Антонио Конте шогирдлари 2 очко тўплаган ҳолда, гуруҳнгинг энг пастки поғонасидан жой олган. Мюнхенгладбахликларга қарши беллашувда базўр дурангга эришган бўлсалар, “Шахтёр” постига йўл топа олишмади. “Бернабеу”даги ўйин эса ҳақиқий драмага айланиб кетди.
Олдинда уларни мана шу ҳолатда қолдирган жамоаларга қарши 3 та баҳс кутиб турибди. Ҳар бир рақибдан бирма-бир ўч олишга имкон бор.
Бугунги беллашувда бир қатор футболчиларнинг майдонга туша олмаслиги миланликларга ҳалақит бериши ҳам мумкин. Паделли мунтазам равишда асосий таркибда майдонга тушмайди. Аммо Брозович, Коларов ва Сенсининг йўқлиги Контенинг кўнглини бироз хира қилиши аниқ.
Тахминий таркиб: Ханданович, Шкриньяр, Де Врей, Бастони, Ҳакими, Барелла, Гальярдини, Видаль, Янг, Лукаку, Мартинез.
Иштирок эта олмайди: Паделли, Коларов, Брозович, Сенси.
Сўроқ остида: Пинамонти.
“Реал”
Испания Ла Лигасида энг барқарор жамоа Мадрид клуби ҳисобланади. Аммо бу клуб “Ванда Метрополитано”ни ўзига макон этган. “Интер” каби “Реал” ҳам ўтган мавсумдаги энг кам гол ўтказиб юборган жамоалардан бири ҳисобланади. Жорий йилги чемпионатда эса улар мутлақо бошқача кўрсаткичларни қайд этмоқдалар. “Қироллик клуби” кетма-кет 8 та ўйиндан буён ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олмаяпти. “Интер” эса сўнгги 11 та баҳснинг 9 тасида гол ўтказиб юборган.
Бугунги кунга келиб, Лаутаро Мартинес ва Ромелу Лукаку “неррадзурилар”нинг тўхтатиб бўлмас гол машинасига айланиб қолди. Улар ҳар бир ўйинда гол уради, пас беради ва рақиб ҳимоячиларини таҳликада ушлаб туради. Уларга қарши Рамоссиз ҳаракат қилиш анча катта хатоларга сабаб бўлиши мумкин.
Федерико Вальверде ҳам узоқ вақтдан буён жароҳати сабаб майдонга туша олмаяпти. Жамоа сардоридан ташқари Карим Бензема ва Эдер Милитао ҳам Миландаги баҳсда жамоасига ёрдам бера олмайди. Зидан бошидан совуқ тер чиқиб кетаётган бўлса ажаб эмас.
Тахминий таркиб: Куртуа, Карвахаль, Варан, Начо, Менди, Модрич, Каземиро, Винисиус, Азар, Асенсио, Мариано.
Иштирок эта олмайди: Рамос, Бензема, Милитао, Вальверде, Йович, Одриосола.
Мураббийлар
Антонио Конте: “Ўтган баҳсда биз тўғри кайфиятда ўйинни бошлагандик. Жорий мавсумдан эътиборан, биз кўпроқ тўпни назорат қилишга интилмоқдамиз. Бу рақибларимизга камроқ имкониятлар тақдим этишимиз учун керак. Олдин ҳам айтиб ўтганимдек, агар рақобатбардош жамоага айланишни истасак, ҳар жабҳада ривожланиш томон қадам ташлашимиз зарур”.
Зинедин Зидан: “Миландаги ғалабадан сўнг, 4 йил давомида кўп нарсаларни ўргандим. Лекин ўзлигимни сақлаб келмоқдаман. Мен мураббийликни ҳали ҳам яхши кўраман ва бу мен учун энг муҳими.
Биз ҳимоя ва ҳужумда баравар ривожланишга интилмоқдамиз. Футболда ҳар хил вазиятлар бўлиши мумкин: бир гал сиз кучлироқсиз, бошқа сафар олдингиздаги вазифа қийинроқ кўриниш олади. Биз билан ҳам шундай ҳолат юз бермоқда”.
Хулоса ўрнида
“Реал”да йўқотишлар салмоқлироқ эканлиги кундек равшан. “Интер”нинг ҳужумидаги яхши серияни ҳам инобатга оладиган бўлсак, доминант мақомида ким эканлиги янада ойдинлашади. Сабаби, ушбу ғалаба “Реал”дан ҳам кўра, Конте шогирдлари учун ҳал қилувчи мақомга эга.
Бугунги ўйиндан ҳам биринчиси каби голларга бой учрашув кутишга ҳақлимиз. Тун ярмида ҳаловатингизнинг кетишига арзийдиган ўйин олдида турибмиз.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар