Интрасиз ва интригали ўйинлар ёхуд Суперлигада охирги тур
Эртага ва индинга Суперлиганинг 30-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Шу билан чемпионат ўйинлари якунига етади ва плей-оффга навбат берилади.
Охирги турда чемпионликдан ташқари кумуш ва медал эгалари, шунингдек, расман лигада қолиш учун плей-оффда қайси клубларнинг иштирок этишига ойдинлик киритилади.
29 ноябрь
15:00. “Қизилқум” - “Шўртан”
Навоийда “Қизилқум” жамоаси чемпионатнинг сўнгги турини “Шўртан”га қарши ўтказади. Хабарингиз бор, ғузорликлар аллақачон лигани тарк этиб улгурган. “Қизилқум”да мавсумни 8-ўринда якунлаш имконияти бор. Лекин ўйиндаги интрига бўйича у қадар юқори тарзда ўтишига сабаблар етарли эмас.
15:00. “Насаф” - “Динамо”
Турнинг марказий учрашуви Қаршида бўлиб ўтади. Мана бу учрашувнинг интраси анча баланд. Боиси, ўртага медаллардан бирини эгллаш чиптаси тикилган. Ютган жамоа албатта кумуш ёки бронзага эга чиқади. “Насаф”га аслида бронза учун дуранг ҳам кифоя. Аммо мезбонлар уч очко учун охиригача курашади. Вадим Абрамов жамоаси Қаршида бор куч ва имкониятини ишга солиши тайин. Охирги турларда жуда қимматли очколарни бой берган “Насаф” руҳий тушкунликка тушиб қолган ва бу “Динамо” билан баҳсда билинадими ёки аксинчами, буни ўйинда кўрамиз.
15:00. “Навбаҳор” - “Пахтакор”
“Пахтакор” иккинчи ўринни сақлаб қолиши учун Наманганда албатта ютиши керак. Агар очко йўқотадиган бўлса ва Қаршида “Насаф” ғалаба қозонса “Шерлар” кумуш медалдан қуруқ қолиши мумкин. Намангандаги ўйинда майдон эгалари чемпионатнинг сўнгги турида мухлислари кўз ўнгида ғалаба билан уларни хушнуд этишни мақсад қилган.
30 ноябрь
15:00. “Қўқон-1912” - “Сўғдиёна”
Бу ўйин айниқса мезбонлар учун жуда муҳим. “Қўқон-1912” лигада қолиш учун плей-оффга қолиб кетмаслик мақсадида албатта ғалаба қозониши шарт. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, мезбонларга ғалаба ниҳоятда зарур. “Сўғдиёна”га эса мавсум давомида барқарорлик етишмаганди. Ўтган турда улар уйида мағлуб бўлишди. Қўқонликлар эса уч турдан бери ютолмаяпти. Бу учрашувга қизиқиш чакки эмас.
15:00. “Хоразм” - “Нефтчи”
Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган “Нефтчи” охирги турда Урганчга ёшлар ва аралаш таркиб билан келадими ёки тўлиқ асосий таркибни ташлайдими? “Хоразм” жамоаси плей-оффда қатнашиши аниқ бўлиб улгурган. Ташқаридан қараганда, ушбу баҳс шунчаки расмиятчилик учун ўтадигандек. Майдон эгалари ўйин олдидан меҳмонларга чемпионлик йўлакчасини ташкил қилармикин?
15:00. “Бунёдкор” - “Андижон”
Ютса ҳам, ютқазса ҳам чемпионатни 5-ўринда якунлаши ойдинлашган “Бунёдкор” “Андижон”ни қабул қилади. Меҳмонларга фақат ғалаба керак. Шунда тўғридан-тўғри Суперлигада қолиш имкониятини сақлаб қолади. Шунинг учун “Бургутлар” уч очкони қўлга киритиш илинжида бор кучини сарфлайди. Бу ўйини кузатиш қизиқ бўлади, албатта.
15:00. “Бухоро” - “Сурхон”
Александр Хомяков бошчилигидаги “Бухоро” ғалаба қозонган тақдирда ҳам барибир плей-оффда ўйнайди. Агар “Андижон” ва “Қўқон-1912” ғалаба қозониб, “Сурхон” ютқазса у ҳолда термизликлар плей-оффга қолиб кетишади. Шунинг учун “Сурхон”да масъулият ҳисси кўпроқ. Бу ҳам ўзига яраша қизиқ ўтадиган баҳс, имкониятлар эса мутлақо тенг.
15:00. ОКМК - “Машъал”
Миржалол Қосимов жамоаси чемпионатни 6-ўринда якунлайдиган бўлди. Сўнгги турдаги натижа эса энди олмалиқликлар учун аҳамиятсиз, яъни, ўринга таъсир кўрсатмайди. “Машъал”га эса мезбонларга қараганда ғалаба зарурроқ. Унда ҳам муборакликарнинг плей-оффга қолиб кетмаслиги бошқа рақибларнинг ўйинига боғлиқ. ОКМК мавсумнинг охирги турида уйида мухлисларига ғалаба туҳфа этган ҳолда якунлашни мақсад қилгани аниқ. Қолганини ўйинда кўрамиз.



Фикрлар