"Иш тарзимни ўзгартириш ниятим йўқ" - Равшан Ҳайдаров терма жамоа йиғини ва янги таклифлар ҳақида интервью берди

Ўзбекистон U21 терма жамоамиз 22 июлдан бир ҳафталик ўқув-машғулот йиғинига киришади. Айни пайтда терма жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров мазкур бошланажак йиғинга тайёрланмоқда. Лекин ушбу тажрибали мутахассиснинг хизматига доим бошқа клублардан қизиқишлар бўлган. Қуйида Sports.uz журналистига берган интервьюсини ўқишингиз мумкин.

- Ўзбекистон U21 терма жамоамизнинг йиғини бошланмоқда. Бундан кўзланган режа ва мақсад нима?

- Бу ёшдаги терма жамоанинг фаолияти режа асосида. Бу йил мусобақалар бўлмаган тақдирда ҳам йигитларни йиғинга таклиф қилиб, терма жамоа моҳиятини, унинг аҳамиятини тушунтириб, уларга терма жамоага тушиш мотивациясини оширмоқдамиз. Бу асосий мақсадларимиздан бири. U20 да қатнашган йигитлар кўзга кўриниб, асосий таркибларда ўйнашяпти. Ундан ташқари таркибга кирмаган футболчиларни кўпчилиги ҳам эндиликда асосий таркиб ўйинчиларига айланиб боришяпти. Уларни терма жамоага чақириб, уни аҳамияти қанчалигини тушунтириб борамиз. Шундоқ ҳам термага чақирилган футболчилар кўзга ташланишяпти, скаутларнинг эътиборига тушишяпти. Бу улар учун катта имконият. ФИФА кунларида қандайдир турнирлар чиқади. Бу йил асосан селекция ишлари. Бу термани U21 деб атаймиз. 2003 ва 2004 йилларда туғилган футболчилар. Кўплаб янги номлар чиқяпти. Уларга имконият берамиз. Халқаро майдонга чиқишганида иштиёқ янада бошқача бўлади. Бу жамоа уларни ёшлар футболидан катта футболга қадам босишида кўприк вазифасида хизмат қилади.

- Бу йиғин давомида ўртоқлик учрашувлари ҳам режалаштирилганми?

- Албатта. 25 июлда “Сурхон”, 27 июль куни “Бунёдкор” билан ўйнаймиз. Бу учрашувлар орқали барча йигитларга имконият берамиз.

- “Андижон” ва “Қизилқум” иштирокидаги ўртоқлик учрашувини кузатдингиз. Чунки бу жамоаларда терма жамоага номзод ўйинчилар бор. Сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ўсиш кўзга ташланяпти. Рустам Турдимуродовнинг ҳолатини ўзинглар ҳам кўряпсизлар. Шерзод Эсановни ҳам чақирганмиз. Аммо уни хорижга кетаётгани ҳақида маълумотлар чиқяпти. Бундан фақат хурсанд бўламиз. Ўрнига бошқа ўйинчиларни қараймиз. “Қизилқум”да ёш дарвозабон ўзини кўрсатяпти, майдонда ўйнаётган яна бошқа иқтидорлар ҳам бор. Бу ёшдаги йигитларга эътибор. Терма жамоага келса албатта уларда ўзларига нисбатан ишонч янада ортади. Футболимизнинг савиясини кўтариш асосий мақсадимиз. Миллий ҳамда олимпия терма жамоаларига рақобатбардош ўйинчиларни етказиб бериш ҳам асосий вазифаларимиздан бири. Шу мақсад сари иш олиб боряпмиз.

- Асосан терма жамоаларда муваффақиятли иш олиб боряпсиз. Лекин охирги пайтларда сизга “Навбаҳор”дан таклиф бўлгани ҳақида эшитдик. Олдингизда қандай таклифлар бор эди?

- Ҳозирча ўз ўрнимда деб ҳисоблайман. Ёшлар терма жамоаларида анча йиллардан бери тизимли ишни йўлга қўйганмиз. Биздан-да ёш тоифасидаги терма мураббийлари билан ҳам иш олиб борамиз. Бу ерда тизимли равишда катта иш фаолияти кетяпти. Мен айнан мана шу жараёнда қатнашяпман. Буларни ташлаб кетиш, ҳаёт ва иш тарзимни ўзгартириш режамда йўқ. Келажакда нима бўлишини кўрамиз. Ҳа, ҳар доим клублардан таклифлар бор. Лекин мен ҳозир ўзим қизиққан ва фойдам тегадиган ишда фаолият кўрсатяпман.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!