“Ишкал” Балотелли Италия футболидаги муаммолар сабабини очиб ташлади
“Манчестер Сити” ва Италия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Марио Балотелли Италия футболидаги муаммолар сабабларини айтди.
“Муаммолар жуда оддий. Техник эмас, амалий тушунтиришлар беришни афзал кўраман. Биз кичиклигимизда соатлаб футбол ўйнардик. Онам мендан жаҳли чиққанини эслайман, чунки тўпни кўриш қийинлашиб, жуда қоронғи бўлиб кетгунига қадар кўчада қолардим.
Бугун Брешиа каби шаҳарларда сайр қилганимда, боғлардаги футбол майдончалари бўм-бўш. У ерда ҳеч ким йўқ. Компьютерлар, телефонлар ва PlayStation кўп нарсани бузди. Аммо энг муҳими – ота-оналарнинг муносабати ўзгарди. Бугун етти ёшли бола ҳар уч кунда бир марта икки соат футбол ўйнаши мумкин. Иқтидорлар кўчаларда ва боғларда туғилади. Биз кўп ўйнардик, кўп нарсани ўрганардик ва ўзимиздан каттароқ болалар билан рақобатлашардик...
Бугун эса болалар телефонда ўтиради. Улар Роналдиньо деб ўзларини тасаввур қилишади, чунки унинг видеоларини кўришади, мен эса ўзимни Роналдо деб тасаввур қилардим, чунки ҳовлида унинг финтларини такрорлай олардим. Бу мутлақо бошқа нарса, - дея Балотеллининг сўзларини The Guardian келтирмоқда.
Оғир характери туфайли кўп муаммоларга дуч келган Балотелли январь ойидан буён БААнинг “Ал-Иттифоқ” клубида тўп тепмоқда. У аввал “Женоа”, “Монца”, “Брешиа”, “Марсель”, “Ницца”, “Ливерпуль”, “Манчестер Сити”, “Милан” ва “Интер” клубларида ўйнаган.

Фикрлар