Искандар Холмирзаев: Кубокда ҳам “Олмалиқ”қа жаримадан гол урганман
Ads

“Динамо” – “Олмалиқ” (1:0) учрашувида жарима зарбасидан муҳим голни уриб ўйин қаҳрамонига айланган Искандар Холмирзаевдан баҳс борасидаги фикрларини сўрадик. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

- Анчадан буён ғалаба қозона олмаётганимиз сабабли “Олмалиқ” билан баҳсда фақат ва фақат ғалабани кўзлаган эдик. Рақиб жамоа таркиби бўйдор футболчилардан ташкил топганлиги боис, мураббийларимиз паслар орқали ҳужумкор ўйин намойиш этишни кўрсатма беришганди. Худога шукурки, бу сафар омадимиз келиб, якунда ғалаба қозондик.

Киритган голим ҳақида гапирадиган бўлсам, мураббийлар беллашувдан олдин жарима зарбаларини мен тепишимни айтишганди. Зарба беришдан олдин рақиб дарвозабонининг узоқ бурчаги очиқлигини пайқаб, тўпни ўша томон йўналтирдим ва гол урдим. Кубок доирасида нимчорак финалда ҳам айнан мана шундай голни сафарда “Олмалиқ” дарвозасига киритгандим. Қайси бири чиройли? Буни мухлислар айтгани маъқул. Мен учун гол урганим эмас, энг асосийси клубнинг ғалаба қозонганидир. Мухлисларимиздан миннатдормиз. Насиб қилса, кейинги баҳсларда ҳам уларни хурсанд қилиш учун интиламиз, - дейди “Динамо”нинг 26 ёшли ярим ҳимоячиси Искандар Холмирзаев.