Ислом Аҳмедов: «Сурхон» ва «Динамо»нинг Суперлигага қўшилганини қўллаб-қувватлайман

Таниқли футбол экспертларидан бири Ислом Аҳмедов ўзининг чуқур мулоҳазалари ва футболга бўлган қарашлари билан бошқалардан ажралиб туради. ОФК инструктори мураббийларни ўқитиш жараёнига ҳам жиддий эътибор қаратади. Айни пайтда Тошкентда «В» лицензияси учун ўқув-курсини бошқариб бормоқда. Ундан олдин эса бир ой давомида Осиё Кубоги мусобақасини кузатиб, ОФКнинг таҳлилий гуруҳида ишлаб қайтди. Куни кеча Аҳмедов билан мулоқот қилдик ва унда мураббийлик ўқув-курслари, Суперлигада клубларнинг сони оширилганлиги, Осиё Кубоги ва терма жамоамиз ҳақида гап борди.

«Мураббийларда қизиқиш катта»

- Ўқиш жараёнларимиз аъло даражада ўтяпти. Қизиқиш жуда катта. Янгича услуб ва йўналишлар бўйича иш олиб боряпмиз. Ҳозирги ўқув-курсларимизда асосан вилоятлардаги академияларнинг мураббийлари қатнашишяпти. Ҳамма ҳудудлардан келишган ва ҳар бир вилоят академиясидан энг камида икки нафардан мураббий қатнашяпти. Биз мураббийларни ўқитиш жараёнида янги дастур асосида ишлашга ўтганмиз. Мураббийлар беш кун ўқийди, кейин ҳамма ўз иш жойига бориб бир ой давомида биз берган топшириқлар бўйича ишлашади. Кейин яна ўқув-курсларини ташкил этамиз ва улардан биз берган топшириқларни қанчалик бажаришганини кўрсатиб беришади. Ўша бир ой давомида улар мен билан ҳар куни алоқада бўлишади. «В» лицензия учун ўқиш олдин икки ҳафта бўларди. Энди эса тўрт ой давом этади. Ўша тўрт ой ичида улар доимий равишда назоратимизда бўлишади.

«ЎФА билан ПФЛга беш кетдим»

- Эсингизда бўлса, анча олдин ОАВ вакиллари мен билан суҳбатлашишганди. У пайтда Диёр Имомхўжаев журналист эди. Ўшанда мен чемпионатимизда клублар сони 16 та бўлиши кераклиги ҳақида айтгандим. Кейин эса Диёр бунга қарши чиқиб, жамоалар 16 та эмас, 12 та бўлиши керак деганди. Хуллас, ҳозир чемпионатимизда 14 та жамоа бўлди ва энди кейинги қадам 16 та бўлади. Ҳозирги вазиятга реал қарайлик, ЎФА билан ПФЛ клубларга бўлган талабни кучайтиришди. Бу эса албатта яхши ҳолат. Агарда клублар талабларни бажаришда давом этишса ва чемпионатимиз географиясини ошириб, клублар сонини ортишига эхтиёж бўлса, унда албатта иштирокчилар вақти келиб 16 тага оширилади. Масалан, ҳар бир клубнинг ўз академияси бўлиши шарт ва мажбур. Нафақат қоғозда, балки амалда ҳам бўлиши керак. ЎФА билан ПФЛ эса бунга жиддий қараяпти ва клублардан талаб қиляпти. Айнан шу томондан ўз позициясида қатъий тураётгани учун ушбу ташкилотларга беш кетдим. Ахир ҳар бир клуб ўз академиясига эга бўлса, биласизми, бу ўзбек футболи учун қанчалик фойдали бўлишини? Бу жуда керакли нарса. Бунинг фойдаси ниҳоятда катта бўлади.

«Сурхон» билан «Динамо»нинг Суперлигага қўшилганини қўллаб-қувватлайман»

- Энди «Сурхон» билан «Динамо»нинг қўшилганига келсак, бу ёқда яна «Машъал» қолиб кетгани ҳақида гапиришяпти. «Машъал» - бу Қашқадарё вилояти жамоаси. У ерда эса «Насаф» бор ва ушбу клубда ҳамма инфраструктура аъло даражада яратилган. Албатта, «Машъал»да ҳам инфраструктура бор. Лекин молиявий томондан улар кафолат бера олишлари қийин. Термизнинг «Сурхон»и эса вилоятнинг бош жамоаси ҳисобланади. «Динамо» ҳам худди шундай, Самарқанд вилоятининг бош жамоасидир. Мен бу қарорга 100 фоиз қўшиламан. Фақат қўйилаётган талабларни бажариш вазифасини охиригача назорат қилишсин. Ҳар бир вилоятда футболни ривожлантириш масаласини мен ҳар доим қўллаб-қувватлайман. Масалан Хоразм ва Қорақолпоғистон томонларда ҳам футболни ривожлантириш лозим. Барибир мамлакатимизда футбол биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Агар ЎФА билан ПФЛ мана шундай жиддий талабларни қўйиб турса, бу футболимизнинг равнақи учун албатта катта туртки беради. Жамоалар фақатгина асосий таркибини кучайтириши билан иш битиб қолмайди. Футбол клуби ташкил этилганми, у ҳар томонлама ривожланган бўлиши керак.

«Осиё Кубогида ОФК жиддий муаммога йўлиқди»

- 9 март куни Малайзияга кетаман. У ерда 11-13 март кунлари Осиё Кубогида қатнашган барча терма жамоаларнинг бош мураббийлари иштирокида конференция ўтказилади. Ўша ерда биз ҳаммасини яна бир бор таҳлил қилиб, якунига етган чемпионат ҳақида гаплашамиз. Лекин, биласизми, Осиё Кубогига кучли терма жамоалар томонидан тайёргарлик етарли даражада бўлмади. Жанубий Корея, Япония, Эрон ва Австралияни назарда тутяпман. Нимагадир улар бу мусобақага у қадар жиддий қарашмади. Улар учун бу асосий турнир эмасди. ОФК эса бу борада катта муаммога дуч келиб қолди. Эътибор берган бўлсангиз, ушбу жамоаларнинг ўйин сифати керакли даражада бўлмади. ОФКда бўладиган йиғилишда менинг ҳам фикрларимни сўрашади ва ҳаммага шу гапларимни айтаман. Эътибор берсангиз, ушбу термалар бошқа пайтда кучлироқ кўринишади. Балки Осиё Кубогини жаҳон чемпионатидан олдин ўтказиш керакмикин? Чунки Осиё Кубоги жаҳон чемпионатидан кейин ўтказилди. Лекин бизнинг мусобақага ҳам қизиқиш кучайсин. Масалан, Ўзбекистон U-23 Осиё чемпиони бўлди. Аммо ўша мусобақада аксарият жамоалар ўзларининг ёш таркибларини олиб келишди. Нимагадир мусобақаларимизга керакли даражада эътибор бўлмаяпти. Осиё Кубоги ҳам худди шундай бўлиб қолди. Экспрет сифатида БААдаги Осиё Кубогидан қониқмадим. Бундан кўпроғини кутгандим. Жамоалар келажакни ўйлаб бошқа таркиблар билан келишди. Кучли ўйинчилари келишмади. Келажак эса бу Қатар-2022. Терма жамоалар айнан навбатдаги жаҳон чемпионатини ўйлаб, футболчиларини Осиё Кубоги ёки бошқа мусобақалар орқали саралаб олишяпти. Натижада қитъамиздаги турнирларга жиддий муносабатда бўлишмаяпти.

«Қандай муаммога дуч келдик? Купер эса ҳеч нима демаяпти»

- Мен Эктор Куперга тушунмадим. Осиё Кубогидан кейин бош мураббий мураббийлар билан йиғилиб, ўз фикрларини билдирмади. Ўзбекистон терма жамоасида асосан ўзимизнинг ўйинчилар ўйнашяпти. Жамоамиз эса нимчорак финалдан қайтиб келди. Шундай экан, ўзимизнинг мутахассисларни чақириб, бу муваффақиятсизликни биргаликда таҳлил қилишмайдими? Қандай муаммога дуч келдик? Купер шулар ҳақида айтиши керак эмасми? Хўш, энди клубларда футболчилар билан яна нималарнинг устида кўпроқ ишлашлари керак? Купер шулар ҳақида гапирмайдими? Матбуот анжумани ёки ҳисобот берсин демаяпман, шунчаки унга профессионал йўналишни айтяпман холос. Мураббий ўзбек футболида қанақа муаммо борлигини аниқ айтиши керак. Мураббийлар эса шунга қараб ишлашлари лозим. Лекин ҳали ҳеч ким ҳеч нимани билмайди. Танқид эса бу бошқа нарса. Футболни яхши тушунмайдиганлар танқид қилишяпти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!