Ислом бирдамлиги спорт ташкилотларининг 11-Бош Ассамблея йиғилиши ўтказилди
Йиғилишда халқаро ташкилот раҳбари шаҳзода Абдулазиз бин Туркий Ал Файсал, Туркия ёшлар ва спорт вазири Меҳмет Касапоглу, шунингдек, бир қатор мартабали меҳмонлар, Ўзбекистон номидан МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.
Даставвал шаҳзода Ал Файсал, сўнг Меҳмет Касапоглу мусобақада иштирок этаётган барча давлатларни спорт остида бирлашганини кўришдан мамнун эканини, келгусида мамлакатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш режалари ҳақида гапириб ўтишди. Йиғилиш давомида халқаро ташкилот фаолияти, мазкур ўйинлар дастурини янада такомиллаштириш каби йўналишларда бир қатор маълумотлар берилди.
Йиғилишда бешинчи бор ўтказилаётган мазкур мусобақада иштирокчи давлатлар ва спорт турларининг географияси кенгайиб бораётгани, беллашувлар спорт принциплари асосида ўтказилаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, мусобақанинг нуфузини кўтариш мақсадида келгуси ўйинларни Олимпиада учун лицензион характерга эга даражага кўтариш масаласи ҳам ўртага ташланди. Маълумот учун, 2025 йил Камерун Африка давлатлари орасида ушбу ўйинларни биринчи бор қабул қилади.
Ассамблея доирасида Ойбек Касимов бир қатор мамлакатларнинг Миллий Олимпия қўмиталари раҳбарлари билан кўришиб, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича суҳбатлашди.
Қайд этиш жоиз, Коньяда ўтаётган Ислом бирдамлиги ўйинларида дунёнинг 56 мамлакатидан ташриф буюрган атлетлар иштирок этмоқда. Ўзбекистон унда қатнашаётган катта делегациялардан бири бўлиб, 265 нафар атлет мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади. Айни пайтга келиб, делегациямиз ҳисобида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаллари мавжуд. Мусобақанинг тантанали очилиш маросиси 9 август куни ўтказилади.
Фикрлар