Ислом Исмоилов: "Бизга қайси жамоа рақиб бўлишининг аҳамияти йўқ"
2025 йилги У17 Осиё кубогига қуръа ташланди. Жараён Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтди. Қуръа ташлаш якунларига кўра Ўзбекистон "А" гуруҳида Саудия Арабистони, Хитой ва Таиланд билан баҳс олиб боради.
Мазкур мусобақа Қатарда бўлиб ўтадиган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги ФИФА Жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ҳам ўтаб беради. Мусобақанинг энг яхши 8 та жамоаси 2025 йилги ўсмирлар ўртасидаги мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Ўзбекистом У17 терма жамоа мураббийи Ислом Исмоилов қуръа натижалари ва рақибларнинг имкониятлари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
"Қуръага тўхталадиган бўлсак, қайси жамоалар бизга рақиб бўлишининг аҳамияти йўқ. Сабаби олдимизга юқори мақсад қўйганимиздан кейин, ҳар қандай терма жамоага қарши ўйнашимизга тўғри келади. Гуруҳимиздан жой олган Саудия Арабистони, Хитой, Таиланд терма жамоаларини чуқур ўрганишни бошладик.
Шу кунга қадар Саудия, Хитойга қарши ўртоқлик учрашувларида ўйнаганмиз. Албатта биз учун янгилик бу Таиланд. Аммо бирдек ҳамма жамоаларни имкониятларини тўлиқ ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Олдимизга қўйилган мақсадимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Саудия Арабистони бизнинг гуруҳимизга тушганлиги кутилмаган холат бўлди.
Айни пайтда ушбу давлатда бўлиб турибмиз, 3 кундан кейин асосий рақибимизга қарши ўртоқлик учрашувида ҳаракат қиламиз. Бу нарса режамизни ўзгартиришимизга сабаб бўлмайди. Ўзимиз танлаган режамиз бўйича машғулотларни давом эттирамиз"- деди Исмоилов.
Фикрлар