Ислом Кенжабоев: “Дадамни юзига қандай қарайман?! ” (Интервью)
ОКМК – “Қизилқум” баҳсининг 60 дақиқалари ўтиб бораётган бир пайтда Асрор Алиқулов Ислом Кенжабоевни захирага олмоқчи бўлди. Футболчи эса майдонни тарк этишдан бош тортди. Бу воқеа ОАВ томонидан кенг муҳокама қилинди. Биз эса вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Қизилқум” ярим ҳимоячиси Ислом Кенжабоев билан алоқага чиқдик.
- Ислом, кеча нима бўлди? Нега захирага олинишдан бош тортдингиз?
- Тўғриси, кечаги ўйин жуда ҳам аламли бўлди. ОКМК ярим куч билан бизни енгаётганини майдонда кўра била туриб, жамоамга ёрдам бера олмаганимни ҳазм қила олмадим. Мени мураббий нега захирага олмоқчи бўлганини тушунмадим. Энг қизиғи, қанот ярим ҳимоячиси ўрнига марказда тўп тепувчи футболчи тушаётганини кўриб қизишиб кетдим. Мен ҳали чарчамаган эдим. Кучим бор эди. Жамоамга ёрдам бермоқчи эдим. Ўзгариш қилишга бошқа вариантлар етарли эди. Айрим жамоадошларим чарчаб қолгани кўриниб турганди. Уларни эмас, мени майдондан мураббий олмоқчи бўлганини тушуна олмадим. Ўйиндан кейин барча айбни менга ағдаришди. Билмадимку, ҳатто қарши ҳужумлар чоғида менга қадар бир бор аниқ пас келмаса, нима қилишим мумкин? Мендан Мессини ўйинини талаб қилиш нотўғри. Бунинг учун аввал бошқа аспектларда Аргентинадек яхлит жамоага айланишимиз керак. Бу эса менинг қўлимда эмас. Очиғи, охирги маротаба “Насаф” билан халқаро ўйинда енгилганимизда йиғлаган эдим. Кечаги ўйиндан кейин, кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Ачиндим, алам қилди.
- Ўйиндан кейин Асрор Алиқулов билан суҳбатлашдингизми? Вазиятга қандай реакция билдирди?
- Тан оламан, қилган ишим нотўғри бўлди. Мен ёш футболчилар мендан ўрнак олишини истамайман. Натижалар бу қадар ёмон бўлганини ҳазм қилиш қийин. Вазиятни тушуниб турибман. Афсуски, клубдаги айрим муаммолар бартараф этилмаган. Футболчиларнинг витаминизацияси, машғулот учун ажратилган майдон оғир аҳволда. Бу омиллар ҳам жамоа натижаларига таъсир кўрсатмоқда.
- Мавсум аввалида “Қизилқум” жамоасида пул бор эди. Асрор Алиқулов нега бундай таркиб тузди? Бир нечта футболчилар Про-лига даражасида эмасми?!
- Очиғи, “Насаф” билан шартнома имзолай олмагач, “Қизилқум”га қайтдим. Жамоанинг таркибидаги футболчиларни кўришим билан раҳбариятга мурожаат қилдим. Анча кучсизланганимизни, бу таркиб билан Про-лигага тушиб кетишимиз аниқлигини айтдим. Улар ҳаммаси яхши бўлишини такрорлади. Ваҳоланки, ҳозир Ўзбекистонда кучсиз клубнинг ўзи қолгани йўқ. Про-лигадаги “Динамо"га ҳам кубок баҳсида енгилганимиз бежиз эмас. Жамоадошларимга ҳеч қандай эътирозим йўқ. Улар ҳам қўлидан келганини қилмоқда, бироқ Навоий халқини хурсанд қилиш учун яхшироқ футбол намойиш этишимиз шарт.
- Клубда молиявий муаммолар йўқ, аммо нега натижа бўлмаяпти? Ваҳоланки, мавсум бошида клубнинг бюджети бир нечта Суперлига жамоалариникидан каттароқ эди?
- Дарҳақиқат, пул борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Бизга маошларимизни эртароқ ҳам тўлаб беришмоқда. Афсуски, биз йўлга қўймоқчи бўлган футбол ўхшамади. Ҳозир клуб базасига машғулот ўташга кетяпмиз. Ишонасизми, Навоийда кўчада юриб бўлмай қолди. Мухлислар тинмай натижа талаб қилишмоқда. Уларни тушунаман. Ўтган мавсумдаги жамоа ўйинини кўргач, улар бундан камига рози бўлмаслиги табиий. Ҳозир уйга бориб дадамни кўзига қандай қарашимни ҳам билмайман. Тўғриси, вазият чигаллашиб кетди.
- Асрор Алиқулов ишдан олинди. Вазиятни ўнглаш учун нима қилиш керак деб ҳисоблайсиз?
- Мен доим ўйлаганимни айтадиган одамман. Баъзан, кимнидир хафа қилиб қўйишим мумкин, аммо рост гапириш лозим. Трансфер ойнаси очилганида, адашмасам 5 футболчини рўйхатдан ўтказиш имконияти берилади. Мана шу лимитдан тўлиқ фойдаланиш лозим. Жамоага кучлироқ ижрочиларни олиб келишимиз шарт. Ҳозир асосий вазифа - биринчи давра якунига қадар 10-15 очко ишлаб олиш. "Қизилқум" элитани тарк этмаслиги учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди
Фикрлар