Ислом Маматказин: "Бундай фанатлар қаршисида тўп суриш фақат завқ келтиради"

“Андижон” чемпионатнинг 4-турида ўз майдонида “Насаф” билан учрашувда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаганидан хабарингиз бор. “Андижон” таркибида иқтидорли ҳимоячи Ислом Маматказин “Насаф” дарвозасини ишғол қилиб мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. У ортда қолган беллашув борасида гапирди.

-  Дастлаб "Насаф"га қарши ўйин ҳақида сўрамоқчиман. Қандай таассурот қолди?

- “Насаф” билан учрашувга жуда яхши тайёргарлик кўрдик. Майдонга фақат ғалаба учун тушгандик. Аммо дуранг натижа бўлди.

- Рақиб дарвозасини ишғол қилган пайтингизда бошқача хиссиётлар оламига тушиб қолганингизни кўрдим. Ўша ҳолатни қандай тасвирлайсиз?

- Тўғри, бошқача ҳиссиёт бўлди. Дўстларимни ўйинга таклиф қилгандим. Улар гол урсанг биз томонга қараб югургин дейишганди. Қандайдир ноодатий ҳиссиётлар қамраб олди. Дўстларим томонга қараб югурдим ва уларга қараб голни нишонладим.

- Рости, бу ўйинда гол уриш ҳақида ўйлаганмидингиз?

- Ҳа, албатта.

- 4 та учрашувда ҳимоячи бўлсангизда 2 та гол уришни уддаладингиз. Бу нимадан далолат?

- Стандарт вазиятларда барчамиз ўз ўрнимизда тўғри ишни бажараётганимиздан далолат. Кўпроқ стандартларга эътибор қараётганимиз боис бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.

- "Бобур Арена"даги муҳит ҳақида ҳамма гапиряпти. Сиз қандай таъриф берасиз?

- “Бобур Арена”даги муҳитга нима деса бўлади? Ўйиндан-ўйинга тасвирлаб бўлмайдиган даражада бўляпти. Бундай фанатлар қаршисида тўп суриш фақат завқ келтиради.

- Кейинги турда "Локомотив"га қарши ўйин бор. Рақиб ҳақида нима дея оласиз ва нима кутяпсиз?

- “Локомотив” ҳам кучли рақиб. Улар ҳам жанговар футбол ўйнайдилар. Қизиқарли учрашув бўлади, деб ўйлайман. Мухлисларимизни хурсанд қилиш учун курашамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!