Ислом Тўхтахўжаевнинг клуби ҳам инқирозга юз тутмоқда. Легионеримиз эса Хитойга қайтмоқчи эмас
Охирги йилларда жаҳон футболи юлдузларини бемалол қўлга киритиб ҳамманинг ҳайратини оширган Хитой клублари ҳозир қандай аҳволдалигини биласизми? Бирин-кетин у ердаги жамоалар молиявий муаммолар гирдобига тушиб қоляптилар ва бундан қутулиш қийинчиликка айланмоқда. Бу эса у ердаги легионерларнинг фаолиятига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти. Ҳаттоки, Хитойнинг амалдаги чемпиони ҳам инқироз кўчасига кириб қолган.
Эътиборлиси, Чин юртида икки нафар ҳамюртимиз тўп суришини биласиз. Яқинда Одил Аҳмедов “Тяньцзинь Теда” клубига қайтганди. Бироқ орадан кўп ўтмасдан ушбу клубда маблағ томонлама муаммолар бошлангани маълум бўлди. Натижада жамоанинг етакчилари қатори Одил Аҳмедовнинг ҳам катта эҳтимол билан бошқа клубга кетиши кутилмоқда ва бу борада музокаралар бошланган.
Ўтган йили Хитой чемпионатида Одил Аҳмедовдан ташқари яна бир ҳамюртимиз Ислом Тўхтахўжаев ҳам фаолият олиб борганини биласиз. У биринчи дивизон вакили – “Шеньян Урбан” жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Лекин Тўхтахўжаев ҳали ҳам ўз клубига қўшилгани йўқ. Ўтган вақт давомида футболчи ўзимизнинг айрим жамоаларда шуғулланиб юрди ва кейин миллий терма жамоамизнинг Дубайдаги йиғинида иштирок этди. Аммо Тўхтахўжаев ҳали ҳам ўз клубига қўшилгани йўқ. Бу масала бўйича sports.uz мухбири футболчи билан боғланганида вазият ўзгараётганини маълум қилди.
- Биласизми, Хитойга кетмаслигим ҳам мумкин. Бунинг сабаби шундаки, мен тўп сурган клубда ҳам Хитойнинг бошқа кўплаб клубларида юз бераётган молиявий инқироз кузатиляпти. Сизга тўғрисини айтсам, ҳозир бошқа клублар билан музокаралар олиб боряпмиз. Хитойдаги вазият барқарорлашгунча балки ўзимизда ўйнаб турсам керак, - деди Ислом.
Демак, Одил Аҳмедов сингари Тўхтахўжаев ҳам жамоасини ўзгартиришга яқин турибди. Юқорида унинг ўзи таъкидлаб ўтганидек, иқтидорли ҳимоячи Тўхтахўжаев вақтинчами ёки бутунлайгами, билмадик, аммо ҳарқалай у Хитой чемпионатига қайтмай туради. Хитой футболида юзага келаётган инқироз “Шеньян Урбан”ни ҳам четлаб ўтмагани маълум бўлди. Бу жамоанинг Ислом Тўхтахўжаевдан ўтган йилги мавсум бўйича қарзи қолганми? Қолаверса, Хитой жамоаларидаги инқирознинг сабаби нима билан боғлиқ? Ислом мазкур масалалар бўйича ҳам ўз муносабатини билдирди.
- “Шеньян Урбан” мен билан ҳисоб-китоб ишларини деярли бажариб бўлган, фақат озгинаси қолган холос. Муаммоли масалага келсак, карантин туфайли кўп жойлар ёпилиб кетганди. Шунинг ҳисобига ҳам Хитойнинг кўплаб жамоаларида молиявий муаммолар юзага кела бошлади. Масалан, ўтган йили ҳам асосан мухлисларсиз ўйинлар ўтказилди. Ҳолбуки, стадионга ишқибозлар кирса, бундан ҳам Хитой клублари анчагина даромад топишар экан. Ҳозир саноқли клубларда эмас, балки кўплаб жамоаларда инқироз юзага келяпти. Мен Хитойдаги фаолиятим орқали ўзим учун тажриба олдим. Ҳар холда бошқа давлат футболини кўрдим.
Фикрлар