Испания терма жамоасининг ўзига хос сериясига Германия барҳам бера оладими?

Испания терма жамоаси 17 ноябрь куни Миллатлар лигаси доирасида Германия терма жамоасини қабул қилади. Испанлар мусобақа ярим финалига чиқиш учун ушбу учрашувда ғалаба қозонишлари шарт.

Қайд этиш жоиз, Испания терма жамоаси сўнгги олти уй учрашувида гол ўтказиб юбормади. Охирги марта 2019 йил 23 март куни "Евро-2020" саралашида Норвегия терма жамоасига қарши беллашувда "қизил фурия" ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан эди. Ўшанда Луис Энрике шогирдлари2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Шундан сўнг, "Евро-2020" саралаш босқичида испанлар Швеция (3:0), Фарер ороллари (4:0), Малта (7:0) ва Руминияни (5:0) мағлуб этди. Бу йил эса, Миллатлар лигаси доирасида Украина (4:0) ва Швейцария (1:0) терма жамоалари ҳам сафарда Испанияга имкониятни бой берди..

Испаниянинг сўнгги мағлубияти 2018 йил 15 октябрда Aнглияга қарши кечган Миллатлар лигаси доирасидаги баҳсда юз берган эди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!