Испаниянинг марказий баҳсида бразилияликлар бош қаҳрамон ёхуд ўз мавқеига қайтган "Эл-Класико" (Превью)

"Сантьяго Бернабеу" бутун дунё эътибор марказида.

Ла Лигада мавсум бошидан бери мағлуб бўлмаётган, сўнгги баҳсида 30 дақиқа ичида голлар шоуси қилиб ташлаган "Реал Мадрид" маҳаллий лига пешқадами бўлиб турган ва "қаймоқранглилар"га қарши беллашув олдидан қитъанинг бошқа маҳаллий лигасида биринчиликни банд қилиб турган "Бавария"ни йирик фарқ билан мағлуб этган ҳолда, олти ўйинлик "қора анъана"га чек қўйган "Барселона"ни ўз уйида қабул қилади.

Жамоалар жорий йил ҳисобида аллақачон икки маротаба тўқнаш келди. 15 январь куни бўлиб ўтган ўйинда беллашув олдидан фаворит эканлиги айтилган "Реал" ўзига берилган тарифни оқлади. Мазкур баҳсда жамоалар Испания Суперкубоги учун беллашди. Мезбон "қаймоқранглилар" биринчи бўлимнинг ўзида ўйин тақдирини ҳал қилиб қўйди (3:1). Якуний ҳисоб 4:1 "Реал" фойдасига. 

Иккинчи беллашув Ла Лига ўтган мавсумининг 32-тури доирасида бўлиб ўтди. 90+1 дақиқада Беллингем томонидан киритилган гол "Лос-Бланкос"га 3:2 ҳисобидаги ғалабани олиб келди. 

26 октябрь куни бўлиб ўтувчи ўйин эса нафақат Ла Лиганинг, балки, ТОП-5 лиганинг марказий баҳси бўлади. Бу гал ҳам мезбон Мадрид жамоаси.

Ўз мавқеини тиклаб олган "Эл Классико".

"Реал Мадрид" ва "Барселона" тўқнашувини юқори даражага олиб чиққан тирик афсоналар Месси ва Роналду давридаги "Эл-Класико" мухлислар хотирасида абадий қолган. Жанговар ва ҳозирги футболдан фарқли ўлароқ тезлик ва қарши ҳужумларга эмас, жамоавий ҳаракатлар ва тактика орқали ташкил этиладиган ҳужумлар энди йўқ. Бироқ, навбатдаги баҳс айнан икки афсонасиз кечган ўйинлар орасида энг яхшиси бўлиши кутилмоқда. 

Сабаби, сўнгги икки йил ичида икки жамоа ҳам биз кўрган эски "Эл-Класико"лар даражасидан анча паст эди. Ҳаттоки, сўнгги пайтларда ўз мавқеини йўқотиб бораётганлигини таъкидласак хато бўлмайди.

Испания лигасининг марказий баҳсида бразилияликлар бош қаҳрамон.

"Олтин тўп" учун номзодлар орасида пешқадамлик қилаётган Винисиус учун мазкур совриннинг топширилиши олдидан "Эл-Класико"даги ғалаба жуда муҳим. Гарчи яққол фаворит бўлган тақдирдаям ушбу ғалаба вингернинг бу мукофот учун муносиблик фоизларини янада оширади. Футболчи "Боруссия Дортмунд"га қарши тўқнашувнинг ўзидаёқ "Нега бу совринни у олиши керак?", "У бунга қанчалик лойиқ" ва шу каби бир неча саволларга жавоб бериб қўйди. Жорий мавсумда унинг муаллифлигидаги голлар ва голли узатмалар сони ўтказган баҳсларидан кўплиги ажойиб формада эканлигининг яққол исботи (14 ўйин 8 гол 7 голли узатма). 

Винисиус бир неча мавсумдан бери шундай кўрсаткичлар билан келмоқда. Бироқ, бу сафар танганинг иккинчи томонида ҳам қўрқинчли статистика билан "Эл-Класико"га йетиб келган футболчи бор. Қизиғи у Винисиусга ҳам бегона эмас - Рафинья. Ёзги трансферлар ойнасида Саудияга сотиб юбориб, унинг ўрнини Никога бермоқчи бўлган "кўк-анорранглилар" раҳбарияти бугун Уильямсга миннатдорчилик билдираётган бўлса ажаб эмас. Сабаби, бразилиялик вингер қилаётган ақлбовар қилмас ҳаракатларни Нико муаллифлигида кўрмаслигимиз мумкин эди. Рафиньянинг жорий мавсум умумий баҳслардаги кўрсаткичлари Винисиусникидан бироз устун бўлиб турибди (13 баҳс 9 гол 8 голли узатма). Бу эса Фликнинг саъй-ҳаракатлари меваси эканлиги аниқ. 

Бу футболчиларнинг иккиси ҳам мазкур баҳсга хет-трик қайд этган ҳолда кўтаринки кайфият билан келмоқда. Мбаппе ва Ямал қарама-қаршилигини кейинга қолдиришга тўғри келади. Сабаби, бразилияликлар асосий "роль"ни улардан тортиб олишди.

Шундай экан, навбатдаги "Эл Класико"да яққол фаворит йўқ. Ғалаба учун ҳаракат қилган жамоа ғолиб бўлади!

 

Жаҳонгир Иномжонов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!