Исроил Мадримов: Эътиборим нокаутга қаратилмаганди
Ҳозиргина, Миллий Олимпия қўмитасининг мажлислар залида 3 апрель санасида "Ҳумо Арена" спорт саройида рингга кўтарилган боксчиларимиз иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ушбу жанг кечасида иштирок этган барча боксчилар қатнашиб, ОАВ саволларига жавоб берди. Исроил Мадримов елкасидан олган жароҳати хусусидаги саволга қуйидагича фикр билдирди:
"Аввало айтиб ўтишим керак, ушбу жангга 3 ҳафта тайёргарлик жараёнини олиб бордик. Аслида, жанг ўтказиш ниятимиз йўқ эди. Орттирилган жароҳат жуда оғир эди. Доктор операциядан сўнг, 6 ой ўтгач, машғулотларни бошлашим мумкинлигини айтганди. Мен эса, 4 ойдан кейин машғулотни бошладим ва 5-ойда рингга кўтарилдим. Бу катта таваккал эди. Бир кун ичида қарор қабул қилиб, АҚШга учиб кетдик.
Машғулотларда ўзимни яхши ҳис қилганим учун мураббийлар ҳам жанг таклифига розилик берди. Шундан сўнг, менга рақиб танлаш жараёни бошланди. Кўрдингизки, рақиб кучли эди. DAZN бу каби бокс кечалари учун ўзи рақибларни танлайди ва табиийки, уларга кўпроқ қизиқиш уйғотадиган жанглар керак. Рақиб нокаутчи эди. Мен бу тўқнашувдан улкан тажриба орттирдим. Сабаби, олдинда мени 10-12 раундлик чемпионлик жанглари кутяпти.
Жанг давомида бор эътиборим нокаутга қаратилмаганди. Мен машғулот жараёнида ҳам тўлиқ жангга тайёрландим. Аллоҳга шукрки, бизни қўрқитган энг катта масала - жароҳат бўлмади", - дейди Мадримов.
Фикрлар