«Истиқлол» билан ўйин тасодиф эдими? Машариповнинг жамоасига қарши ўйин қаҳрамони жавоб берди (Интервью)
Кеча тунда бўлиб ўтган АГМК - “Шабаб Ал-Аҳли" ўйиндан сўнг, Олмалиқ клуби футболчисининг фикрлари билан қизиқдик.
- Бугунги баҳсда чинакам ирода намойиш этилди. Иккинчи бўлим олдидан Миржалол Қосимов қандай кўрсатмалар берган эди?
"Очиғи биринчи голни ўтказиб юборгач, умуман тушкунликка тушиб қолгандик. Танаффусда эса, Миржалол ака бизни руҳлантириб юбордилар. Уларга янада агрессив прессинг уюштиришимизни талаб қилдилар. Иккинчи таймда ҳақли равишда ғалабани илиб кетдик, деб ҳисоблайман. Бугун бутун жамоа характер намойиш этди. Ўйиндан олдин бизга осон бўлмаслиги аниқ эди. Шунингдек, БАА жамоаси ҳам биздан осонлик билан очко олмаслигини билиб, майдонга тушди.
- АГМК ўз тарихида илк бор ОЧЛ ўйинида зафар қучди. Бунинг асосий сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
"Биринчи навбатда, тўғри йўлга қўйилган жамоавий ўйин. Бизга танаффусда босимни оширишимиз кераклигини айтишди. Биз бажардик. Сўнгги дақиқаларга қадар кўрсатмага амал қилдик. Якунда, ғалабани илиб кетдик. Уйдан узоқда тўп сурган бўлсакда, 1 дақиқа ҳам диққатимизни йўқотганимиз йўқ. Ўйлашимча, барчаси мураббийлар ва футболчиларнинг бир темпда ҳаракат қилаётгани билан боғлиқ.
- Жароҳат сабабли сизни анчадан бери катта ўйинларда кўрмаган эдик. Бугун ғалаба голини киритдингиз. Айтингчи, муаммоли кунларни бошдан ўтказгач, яна катта саҳнага кўтарилиш қанчалар ёқимли?
"Дарҳақиқат, жароҳатим боис, ўтган мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборишга мажбур бўлдим. Эндиликда ўз спорт формамни тиклаб боряпман. Киритган голим жамоага ёрдам берганидан хурсандман. Ҳал қилувчи голни урган инсон қандай мамнун бўлса, шундай қувондим. Асосийси, натижа бизни тўлиқ қаноатлантирди.
- Бу ғалаба руҳий устунлик тақдим этадими?
"Бўлмасамчи, бундай учрашувлардан сўнг, футболчиларда ўз кучига ишонч янада ортиб кетади. Айниқса, драматик баҳсларда олинган 3 очконинг қиймати баланд. Бу ўйиндан сўнг, гуруҳдаги вазият билан биргаликда, руҳан анча енгил тин олдик. 3 очко бор демак, биз тўғри йўлдан кетяпмиз.
- Биласизми, Осиёнинг энг номдор жамоалари билан 4 очко ишлаб олдик, аммо Тожикисотоннинг "Истиқлол" клубига мағлуб бўлдик. Бу ўйинни тасодифга йўйиш мумкинми? Ёки мағлубиятга бошқа сабабни кўрсата оласизми?
"Мен тасодифга йўймаган бўлар эдим. Гап шундаки, бу ОЧЛ! Бу ерда кучсиз клублар бўлмайди. Барчада имконият бор. Улар ҳам биз сингари ҳар қандай ўйинда ғалаба қозониши мумкин. Кучсиз жамоалар бўлмаган ўйинларда ҳамма воқеа содир бўлиши мумкин. Катта эҳтимол билан, "Истиқлол"га қарши учрашувда психологик яхши тайёрланмаганимиз панд берди. Мағлубиятнинг асосий сабаби шу. Олдинда бизни яна 3 ўйин кутиб турибди. Вазиятни янада яхшилаш учун имкон бор".
Фикрлар