"Истиқлол" бош мураббийи sports.uz мухбирига ваъда берди: "Агар жамоам гуруҳдан чиқса, сизга..."
Тожикистоннинг “Истиқлол” клуби Осиё саҳнасида нималар қилмоқда? Бугун тунда бўлиб ўтган “Ал-Ҳилол”га қарши учрашувда қайд этилган 4:1 ҳисобини ҳеч ким кутмаганди. Ўйинни кўра олмаганлар саҳарда уйғониб, натижани билишганида кўзларига ишонмадилар! “Истиқлол” дебютант, “Ал-Ҳилол” эса Осиё гранди, мусобақанинг мезбони ҳамда фаворитларидан бири.
Тан олайлик, тожик клубидан бундай юришни ҳеч ким кутмаганди. Учинчи турда бу жамоаларнинг илк тўқнашувида саудияликлар 3:1 ҳисобида устун келганди. Тўртинчи турдаги тўқнашувда ҳам аввалига ҳаммаси “Ал-Ҳилол”нинг режаси асосида бошланди, улар учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни очди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. “Истиқлол” кетма-кет тўртта гол урди, якуний натижа эса шунчаки даҳшат эди. “Ал-Ҳилол”дек рақибга қарши яна қайси клуб бундай натижани кўрсата олади? Балки мезбонлар рақибни менсимагандир. Ёдингизда бўлса, АГМК ҳам “Истиқлол”га ютқазгач, Миржалол Қосимов балки футболчилар рақибни менсимагандир, деб айтиб ўтганди.
Хуллас, “Ал-Ҳилол”нинг йирик ҳисобдаги мағлубияти Осиёда ўзига яраша реакция келтириб чиқармоқда. Буни ҳамма баралла сенсация сифатида қабул қилмоқда. Яқинда сайтимиз орқали Тожикистон миллий терма жамоаси устози Усмон Тошевнинг ушбу ўйин ҳақидаги муносабатини ҳавола этгандик ва у бу натижани сенсация сифатида қабул қилмади. Хўш, “Истиқлол” бош мураббийи Виталий Левченко қандай фикр билдирди:
- Йўқ, бу сенсация эмас, бу нормал ҳолат. Биз дастлабки учрашувни ипидан-игнасигача обдон ўргангандик. Ўша учрашувда биз рақибга 1:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйгандик. Рақибнинг ўйинини синчиклаб кузатиш эвазига қандай жиҳатлар туфайли муваффақият қозонганини ўргандик, ўз навбатида, ўйинимиздаги камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилдик. Бугун улар Гомеснинг бир голидан сўнг, дарвозамиз олдида бошқа ҳеч қандай хавфли вазиятларни юзага келтира олмадилар. Биз эса, рақибнинг ҳимояда йўл қўйган хатоларидан самарали фойдаланишга муваффақ бўлдик.
Агар ёдингизда бўлса, Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ баҳслари бошланиши олдидан sports.uz сайтида Левченко билан суҳбатни чоп этгандик. Ўшанда у жамоасининг сюрприз кўрсатишга тайёрланаётгани ҳақида айтганди. Йирик ҳисобдаги ғалабадан кейин Виталий Григорьевичдан ўша сюрприз “Ал-Ҳилол” билан ўйиндаги натижамиди, деб сўрасам, унинг жавоби шундай бўлди:
- Сюрприз ҳали олдинда. Чунки қаршимизда яна иккита муҳим беллашув бор. Биз ўша учрашувларни худди бугунгиси каби юқори савияда ўтказишимиз керак. Бўшашишга ҳаққимиз йўқ, яна катта иштиёқ билан тайёргарликни давом эттирамиз.
Ҳа, кўринишидан “Истиқлол”нинг мақсади жиддийга ўхшаяпти. Муҳими, айни пайтда бу клуб фаолиятида янги саҳифа очяпти. ОЧЛда эса Левченко бошчилигида ёқимли парвозни амалга оширяпти. Яна бундай онлар қачон юз беради, буни Худо билади. “Истиқлол” қийин гуруҳда 4-турдан кейин пешқадамга айланиб олди. Клуб энди фаворитлар қаторида...
- Ҳозир мен фаворитлар фалон-фалон жамоалар, деб кўрсата олмайман. Биз энди кейинги ўйинга эътибор қаратамиз. Мусобақа жадвали ўтказилган ҳар бир турдан сўнг, ўзгариб кетиши мумкин, - дея бу борада қисқача изоҳ берди бош мураббий.
“Ал-Ҳилол”дек рақибнинг тор-мор келтирилиши Тожикистонда ҳам катта байрам сифатида қабул қилиняпти. Табиийки, ҳамма хурсанд. Қизиқ, “Истиқлол”нинг мазкур тарихий ғалабаси учун қандай бонус ваъда қилинган экан-а? Левченко шундай деди:
- Бу тижорий сир. Аммо эришилган ғалаба учун ажратиладиган бонус миқдори анчагина салмоқли.
Энди “Истиқлол”да кейинги босқичга чиқиш учун имконият ортди. Афсуски, АГМК ютқазгач, гуруҳда охирги ўринда. Агар “Истиқлол” гуруҳдан чиқадиган бўлса, нима бўлишини тасаввур қиляпсизми? Амалга ошмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Тожикистонликлар эса буни майдонда исботлашга тушдилар. “Истиқлол” бош мураббийига қизиқ савол билан мурожаат қилдик: агар жамоангиз кейинги босқичга чиқса, нимани ваъда берасиз? Жавобини эшитинг:
- Учрашганимизда ресторанда сиз учун жуда ҳашамдор дастурхон солишга ваъда бераман.
Олдинда яна иккита ўйин қолди. Левченконинг бундай ваъдаси учун раҳмат. Аммо мен учун бундан ҳам кўра, АГМКнинг гуруҳда қолиши эмас, кейинги босқичга чиқиши муҳим. Бу борада Қосимов жамоасига омад тилаймиз. Аммо тан олайлик, энди тожик футболи олдингидек эмас. Уларда тезлик билан ривожланаётганини “Истиқлол” мисолида кўриб турибмиз. Бизнинг клублар “Ал-Ҳилол”ни йирик ҳисобда тор-мор келтирганини эслай оласизми? Илк турда АГМК бу рақиб билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Бироқ тўртинчи турга келиб мусобақа жадвалини Марказий Осиё жамоаси бошқармоқда ва Марказий Осиё жамоаси якунлаб турибди. Энди қолган иккита тур олмалиқликлар учун ҳаёт-мамот каби ўта муҳим аҳамият касб этади. “Истиқлол” эса мураббийи айтганидек, ҳали сюрпризлари олдинда, шекилли.
Фикрлар