"Истиқлол" варианти бўлмаганида "Навбаҳор"да қолардим, Ўзбекистонга янада кучлироқ бўлиб қайтаман, Намангандаги маошим ҳозиргисидан кўпроқ эди - тожикистонлик Амир Жўрабоев кўплаб мавзуларда очиқ гапирди
Бир йил давомида “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилган тожикистонлик Амир Жўрабоев майдонда ўзини аямасдан ўйнаши билан ишқибозларнинг ҳурматини қозонганди. Барибир ҳамма нарса бир текисда кетавермайди, вазият шундай бўлдики, якунда Жўрабоев Тожикистонга қайтишга қарор қилди. Куни кеча ушбу ўйинчи sports.uz мухбирига бир қанча қизиқарли мавзулар бўйича интервью берди.
- “Навбаҳор”даги ўйинларингиз орқали сизни яхши биламиз ва легионер сифатида ўзингиздан ёмон таассурот қолдирмагандингиз. Лекин Намангандаги фаолиятингиз узоқ давом этмади...
- Мен ҳақимда билдирилган илиқ фикрлар учун аввало миннатдорлик билдирмоқчиман. Ўзимнинг кетишим ҳақида нима дейишим мумкин? Узоқ вақт уйимда бўлмаганим туфайли кетиш мен учун энг яхши қарор бўлишини тушуниб етдим. Ахир ҳар қандай инсон оиласи, яқинлари даврасида бўлишни истайди. 6-7 ойлаб яқинлар дийдорида бебаҳра қолиш осон эмас. Бу қарорим ҳақида мураббийлар штаби вакиллари билан бамаслаҳат иш тутдим. Улар мени тушунишди. Шунинг баробарида оиламдагилар билан ҳам ўйинчилик фаолиятимга доир қайси қарор тўғри бўлиши юзасидан ўзаро фикр алмашдим. Албатта, раҳбарият шартномани янада узайтиришни ва қолишимни истаганди. Аммо ўртадаги битимни бундан буён узайтирмасликка аҳд қилиб оёқ тираб туриб олдим.
- “Навбаҳор”даги фаолиятингиз ўзингизга ёқдими? Илк бор Андрей Канчельскис билан ишладингиз. У сизда қандай таассурот қолдирди? Масалан, клубда ўйнаб кетган айрим легионерлар мураббий тўғрисида у қадар ҳам илиқ гапларни айтмаганди...
- Намангандаги фаолиятим ҳақида шуни айтишим керакки, менда ҳаммаси жойида эди. У ерда роппа-роса бир йилни ўтказдим. Яна қайтараман, ҳаммаси жойида эди: раҳбарият, жамоадошлар билан ўзаро муносабат...ҳаммаси менга ёқарди. Барчаси учун раҳмат, бундан ортиқ бирор гап айта олмайман. Бош мураббий масаласига келсак, Андрей Канчельскис ҳақида ҳеч бир ёмон фикр айта олмайман. У ўз вақтида жуда зўр футболчи бўлган. Умид қиламанки, энди Канчельскис мураббий сифатида ҳам катта натижаларга эриша олади. Унинг фаолиятига фақат муваффақиятлар тилаб қоламан. Шуни айтишим жоизки, ўзаро ҳамкорлик чоғида ўртамизда ҳеч бир келишмовчилик ёки низо келиб чиқмади. Тўғри, аксар ҳолларда ўйинларда захира ўриндиғида қолиб кетиш менга ёқмасди. Бунинг учун ундан хафа эмасман. Чунки ўтган йили у менга кўпроқ ишонч билдириб, майдонга тез-тез туширарди. Бу йил эҳтимол ўйинимда қандайдир ўзгариш кўзга ташланган бўлса керак, бош мураббий шундай тўхтамга келган кўринади. Балки Канчельскиснинг жорий мавсум учун белгилаган тактик схемасига қайсидир жиҳатларим билан мос келмаган кўринаман. Бунинг учун айбни мураббийдан эмас, ўзимдан қидиришим керак бўлади. Тўғри, кўп вақтимни захирада ўтказиш ўзимга ҳам эриш туюлди. Бироқ негадир ўйин чоғида қисқа паслар билан тўп суришда ишларимиз кўнгилдагидек кечмасди. Шунинг ҳисобига учрашув чоғида назоратни қўлимизда ушлаб тура олмадик. Бунинг оқибатида эса муҳим очколарни бой бердик. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳаммаси жойида дея оламан. Наманганда унутилмас бир йилни ўтказдим.
- Клубдан кетганингиздан сўнг сизга ўзимизнинг жамоалардан ҳам таклиф бўлгани ҳақида эшитгандим. Аммо нима учун яна “Истиқлол”га қайтдингиз?
- Ҳа, хизматимга қизиқиш билдирилган таклифлар етарлича бўлди. Лекин аниқ бир таклиф бўлмагани мени бироз иккилантирди. Фақат “Истиқлол” томонидан юборилган таклиф мени тўла қаноатлантирди. Улар ҳаммасини лўнда, ошкора ўртага ташлашди. Шундан сўнг, “Навбаҳор” билан тузилган шартномани ўз хоҳишим билан бекор қилишга қарор қилдим. Агар “Истиқлол” вариантини танламаганимда, “Навбаҳор”да қолган бўлардим. Шунингдек, “Истиқлол”дагилар ОФК Кубогида иштирок этиш имконини тақдим этишди. Кейин билишимча, ОФК бу мусобақани бекор қилди. Узоқ вақт уйимда бўлмаганим боис “Истиқлол” юборган таклиф туфайли соғинч бўшлиғини тўлдириш мен учун энг афзал йўл бўлди. Ўзимни яна тожик чемпионатида синаб кўриш истаги ҳам юқори бўлганлигини айтиб ўтишим керак. Балки орадан маълум вақт ўтганидан сўнг яна Ўзбекистонга қайтишим мумкин. Чунки юртингиз менга ёқиб қолди. Худо хоҳласа, Ўзбекистонга янада кучлироқ ўйинчи бўлиб қайтаман.
- Суперлигамиз савиясини кўрдингиз. Агар “Истиқлол” Ўзбекистон чемпионатида иштирок этганида қайси ўринга даъвогарлик қилиши мумкин эди?
- Ўзбекистон биринчилигига келсак, унинг савиясини паст дейишга тилим айланмайди. Ўйлайманки, агар “Истиқлол” бугунги таркиб билан ўзбек чемпионатида иштирок этган тақдирда камида кучли олтиликда борарди.
- Яхши биламизки, “Истиқлол” Тожикистоннинг биринчи рақамли клуби. Ҳеч бир жамоа унга жиддий қаршилик кўрсата олмаяпти. Бундай чемпионатда иштирок этиш зерикарли эмасми?
- Ҳа, албатта бу масалада сиз ҳақсиз. “Истиқлол” чиндан ҳам Тожикистонда топ-клуб ҳисобланади. Бошқа жамоалар ҳақида гапирадиган бўлсам, тўғриси, улар “Истиқлол”га етарлича рақобат кўрсата олишмайди. Шунинг ҳисобига Тожикистон чемпионати зерикарли кўринади. Тўғри, ҳамма иштирокчи жамоани савияси паст деб ҳисоблаш ҳам ноўрин. Масалан, “Хўжанд” “Истиқлол”га етарлича рақобат кўрсатишга ҳаракат қилади. Уларда ҳам таркиб яхши шаклланган. Лекин бошқа клублар ҳақида бундай фикр билдиришим даргумон. Бунинг асосий сабаби шундаки, “Истиқлол”дан ташқари бошқа клубларнинг бюджети унчалик баланд эмас. Шунинг эвазига қолганлар “Истиқлол” билан тенгма-тенг беллаша олмайдилар. “Истиқлол”дан кейинги иккинчи куч бу “Хўжанд” жамоасидир.
- Яқинда тожикистонлик Эҳсон Панчшанбе “Навбаҳор”га кўчиб ўтди. У собиқ клубингиз ҳақида сиздан маслаҳат сўрадими?
- Ҳа, мен Эҳсон ҳақида эшитдим. У менинг ёнимга келиб, “Навбаҳор”дан таклиф бўлаётганини айтди. Мен унга Наманган яхши шаҳар, “Навбаҳор” эса шунга мос жамоа эканлигини айтдим. Мен Эҳсонга Ўзбекистон чемпионатига кўчиб ўтиб тўғри йўл тутишни билдирдим. У узоқ йиллар “Истиқлол”да ўйнаганидан кейин ўзини бошқа чемпионатида синаб кўришни маъқул топди. “Навбаҳор”га кўчиб ўтиш эса унинг учун олдинга ташланган қадам бўлади, деб баралла айтишим мумкин. Умид қиламанки, Эҳсон “Навбаҳор”да албатта ўзини кўрсата олади. У иқтидорли ўйинчи. Нима бўлган ҳолатда ҳам ушбу юртдошим учун хурсандман. Чунки у ўзини четдаги чемпионатда синаб кўришга қарор қилди.
- Тожикистон миллий термасини бошқариб бораётган ҳамюртимиз Усмон Тошев ҳақида нима дея оласиз? Тожикистон ушбу мураббий билан мақсадига эриша оладими?
- Усмон Тошевни жуда кучли мутахассис, деб ҳисоблайман. Шунингдек, Роман Пилипчук ҳам ёмон мураббий эмас. У “Спартак-2”да тажриба орттириб қайтган. Усмон Тошев футболчиларнинг кўнглига йўл топа оладиган инсон. Терма жамоа билан боғлиқ масалага тўхталадиган бўлсам, биз саралашни яхши бошладик. Ўйинларда ҳар доим асосий эътиборни ҳужумга қаратиш билан бирга тўпни кўпроқ назоратимиз остида сақлашга ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, биз бу мураббий билан муваффақиятга эришамиз. Шунчаки, Усмон Тошевга бошлаган ишини охирига етказиш учун имкон бериш керак холос. У билан муносабатим яхши. Тошев мендан Ўзбекистондаги фаолиятим ҳақида ҳам кўп сўраб туради. Шундай мутахассис билан яхши натижаларга эриша оламиз, деб ўйлайман.
- “Навбаҳор”даги мухлисларнинг қанчалик жонкуяр эканлигини ўзингиз кўрдингиз. Тожикистонда ҳам мана шундай ишқибозлар борми?
- Мухлислар масаласига келсак, ҳа, наманганлик ишқибозлар ростдан ҳам ўта талабчанлар. Улар севган клубини шу қадар қўллаб-қувватлашадики, ҳайрон қоласан киши. Бунинг учун ишқибозлардан фақат миннатдор бўлиш керак. Биласизми, илгари “Истиқлол”да ўйнаб юрган кезларимда ҳам бўш пайтларимда Ўзбекистон чемпионати доирасидаги ўйинларни томоша қилардим. Чунки бизда шундай канал бор. Менга айниқса, Намангандаги ўйинларни кузатиш бошқача завқ бағишларди. “Навбаҳор” жонкуяр мухлислари туфайли “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” каби рақибларидан бемалол очколарни тортиб оларди. Мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда тўп суриш ҳар қандай футболчидаги ғайрат ва шижоатни янада жўштириб юборади. Тўғри, Тожикистонда ҳам худди Намангандаги каби муҳитни эслатиб юборадиган айрим шаҳарлар бор. Масалан, Қулоб, Истаравшан шаҳарларни олишим мумкин. У ерларда ўйинларни томоша қилиш учун кўплаб ишқибозлар ташриф буюришади. Тўғри, ўша ерларда 30 минг эмас, балки 10-15 ишқибоз стадионга келади.
- “Навбаҳор” билан “Истиқлол”да олаётган маошингиз ўртасидаги фарқ каттами?
- “Истиқлол”да айтишим керакки, “Навбаҳор”дагидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ оляпман. Лекин яширмайман, “Истиқлол”дан кўра, “Навбаҳор”да олган маошим ҳозиргисидан кўпроқ эди.
- Амир, айни пайтда Тожикистонда энг кучли футболчи ким?
- Жуда мураккаб савол бердингиз. Бизнинг чемпионатда ҳам хориж биринчиликларида ўйнашга лаёқатлик бўлган футболчилар топилади. Шу боис улардан аниқ кимнидир ажратиб кўрсата олмайман. Шундай бўлса ҳам айрим номларни санаб ўтишим керак, Алишер Жалилов, Парвиз Умарбоев, Жаҳонгир Эргашев, Нуриддин Даврон, Фатхулло Фатхуллоев...умуман шу каби талайгина футболчиларимиз бор.
Фикрлар