Италиялик мутахассислар Беҳруз Каримов ва Жалолиддин Машариповнинг тикланиш жараёнига баҳо берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионатига тайёргарликни давом эттирмоқда. Жамоа тиббий штабида фаолият юритаётган италиялик мутахассислар Энрико Кастеллаччи ва Алдо Эспозито футболчиларнинг ҳолати ҳамда тикланиш жараёни ҳақида фикр билдирди.
Энрико Кастеллаччининг таъкидлашича, терма жамоа футболчилари ҳозирда яхши ҳолатда бўлиб, юқори суръатда машғулот ўтказмоқда.
"Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бир қисми бўлиш мен учун катта шараф. Футболчиларнинг умумий ҳолати аъло даражада. Умид қиламизки, Жаҳон чемпионатигача жиддий жароҳатларсиз етиб борамиз. Беҳруз Каримов ва Жалолиддин Машариповнинг тикланиш жараёни ҳам муваффақиятли ўтди. Уларнинг жароҳатлари оғир эди, аммо улар бу босқични катта матонат билан енгиб ўтишди", — деди мутахассис.
Шунингдек, у маҳаллий тиббий штаб билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.
Алдо Эспозито эса Жаҳон чемпионати каби нуфузли мусобақа олдидан футболчиларнинг соғлиғини доимий назорат қилиш муҳимлигини қайд этди.
"Италияда "Бирлик — куч" деган мақол бор. Биз маҳаллий тиббий штаб билан бир-биримизни тўлдириб ишлаяпмиз. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати, овқатланиши ва уйқу режими доимий назоратда бўлиши керак. Жаҳон чемпионатида ўйинлар юқори суръатда кечади, шунинг учун эҳтимолий жароҳатларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга", — деди Эспозито.

Фикрлар