Италияликлар Шомуродов ҳақида нималар деяпти?

“Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдидаги вазифаларини юз фоиз адо этиб берди. 28 ёшли форвард Гонконг терма жамоаси билан бўлган иккита ўйинда биттадан гол уриб берди.

Шомуродов халқаро миқёсда урган голлари сонини 40 тага етказиб, ўзига тегишли рекордни яна биттага ошириб қўйди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё саралаш турнирининг учинчи босқичи ва 2027 йили Саудия Арабистонида бўладиган Осиё кубогининг финал босқичига муддатидан олдин йўлланмани қўлга киритди.

Бироқ, Тошкентдаги учрашувнинг 30-дақиқасида Шомуродов йил бошида операция қилинган ўнг оёғидан жиддий зарба егани кўпчиликни хавотирга қўйди. “Кальяри” мухлислари ижтимоий тармоқларда бу ҳолатни муҳокама қилмоқда.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига италиялик мухлисларнинг Шомуродов жароҳатига билдираётган муносабатларини ҳавола этади.

ЖИЖИ11:

Бу жароҳат ҳозир умуман керак эмасди...

КАРАЛИС 52:

Ҳар доим кимдир етишмайдиган бўляпти. Айнан ҳозир Элдор Шомуродов ўзини энг яхши томондан кўрсатаётган эди. Жароҳати жиддий эмаслигига умид қиламиз. Олға, Шомуродов! Олға, “Кальяри”!.

ЖОРЖИО ЛОДДО:

Хавотирга ўрин йўқ, ҳаммаси яхши бўлади, Элдорнинг жароҳати жиддий бўлмаса керак.

МОРФРИ:

Шомуродов эҳтиёт юзасидан майдонни эрта тарк этди, деб умид қиламиз. Элдор эндигина ўзининг даражасига кўтарилиб олди ва ўз кучига ишончи пайдо бўлди. Гонконг билан охиригача ўйнаб, қийинчилик билан эришган жисмоний ҳолатини йўқотиб қўймаслиги керак эди. Олдинда “Верона”га қарши муҳим ўйин бор ва у ўзини эҳтиёт қилиши керак бўлди. Аниқ маълумотларни клубдан кутиб қоламиз.

АНГЕЛОРОССОБЛУ:

Клаудио Раньерининг бу ўйинчидан умиди катта. Оёғига кучли зарба берилганидан кейин ўйнагани тикланиш муддати чўзилишига олиб келиши мумкин. Элдор тезроқ сафга қайтишини кутиб қоламиз.

МАЙСТЕМУРУ:

Шомуродов А Сериядаги жойимизни сақлаб қолишимиз учун керак бўлади. Жароҳати жиддий бўлмаса керак. Элдор ёғига зарба берилганидан кейин 15 дақиқа ўйнади. Жиддий бўлганда ўйнамас эди. Танаффусда захирага олингани эҳтиёт чораси бўлган.

Италия манбаларининг таъкидлашича, Элдор Шомуродов Сардинияга қайтганидан кейин клуб мутасаддилари футболчини тиббий кўрикдан ўтказади ва унинг натижаларига кўра, бир қарорга келинади.

Италияликлар Шомуродовдан хавотирда!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!