Италияликлар Шомуродовдан хавотирда!

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати сари юришини давом эттирмоқда.

Осиё саралаш турнири иккинчи босқич гуруҳ баҳсларининг тўртинчи турида футболчиларимиз Тошкентдаги баҳсда Гонконг терма жамоаси дарвозасига жавобсиз учта тўп киритди. Шу тариқа, Сречко Катанец шогирдлари очколари сонини 10 тага етказиб, кейинги босқич масаласини амалда муддатидан олдин ҳал қилиб бўлди.

Учрашувда ҳисобни 20-дақиқада Элдор Шомуродов очди. Иккинчи бўлимда Ҳожимат Эркинов ҳамда Остон Ўрунов рақиб дарвозасини ишғол қилди.

Ўйинда хавотирли ҳолат юзага келди. Яқинда оғир жароҳатдан тикланган Элдор Шомуродов яна шикастланган  кўринади.

Италия матбуоти бунга дарров эътибор қаратди.

МАРКО БЛАЗИ, cagliarinews24.com эксперти:

“Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов 2026 йилги жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувида яна Ўзбекистон миллий терма жамоаси қаҳрамонига айланди.

Ўзбекистон Гонконгни 3:0 ҳисобида таслим қилди ва “Кальяри” форварди яна гол уриб, ҳисобни очди.  Бироқ Шомуродовнинг жисмоний ҳолати хавотир уйғотмоқда. Чунки у оёғидан операция қилиниб, яқиндагина саломатлигини тиклаган эди.

ЖАНКАРЛО КОРНАККИА, tuttocagliari.net  эксперти:

Элдор Шомуродов гонконгликларни 3:0 ҳисобида мағлуб этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида яна гол урди. “Кальяри” ҳужумчиси ўнг қанотдан узатилган ишпни дарвоза тўрига жойлади.

Афсуски, 30-дақиқада рақиб ҳимоячиси Оливер Гербиг Шомуродовнинг  ўнг оёғига жиддий зарба берди. Элдор дарров майдонни тарк этиш ўрнига ўйинни давом эттиришни маъқул кўрди. Уни танаффусда алиштиришди. Энди унинг ҳолатини баҳолаш талаб этилади. Чунки гап унинг бир неча ой муқаддам операция қилинган оёғи ҳақида кетмоқда.

ИГНАЦИО КАДДЕО, calciocasteddu.it эксперти:

“Кальяри” ҳужумчиси Элдор Шомуродов бир неча кун аввал Гонконг дарвозасига гол урган эди ва бу гал ҳам шу рақиб билан ўйинда ҳисобни очди. Бу учрашув 2026 йили Америкада бўладиган жаҳон чемпионатига чиқиш йўлида ўтказилди.

Тошкентдаги ўйинда “Кальяри” Элдор Шомуродовнинг оёғига зарба беришди ва ҳужумчи иккинчи бўлим олдидан ўрнини Остон Ўруновга бўшатиб берди. Бу Клаудио Раньерини ўйлантириб қўйиши табиий. Чунки жамоани олдинда А Серияда қолиш учун муҳим ўйинлар кутиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов миллий терма жамоамиз сафидаги 40-голини нишонлаб, халқаро миқёсида энг кўп гол урган ўзбек футболчиси сифатида ўз рекордини яна янгилади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Норов Абдужалил
27/03/2024 07:54
Уша вазиятда Элдор 1 секунд олдин тупни дарвозага тепганда олам гулистон эди. Жарохат хам олмас эди, хисобидаги голлар яна купаяр эди.
expert Umid-informatik
26/03/2024 23:30
Хаммаси жойида , 2 таймда тактика ўзгарди холос , Хонг Конг ва банкка ўтиши аниқ эди