Иван Бошкович: "Бунақа ўйинлар Суперлигада доим ҳам бўлавермайди"
Cоcа-Cола Суперлига 15-туридан ўрин олган “Олимпик” – “Сўғдиёна” (3:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар устози Иван Бошкович ўз фикрларини билдириб ўтди.
“6 та гол киритилди ва учрашувга ташриф буюрган мухлислар мамнун ҳолда стадионни тарк этишди, деб ўйлайман. Иккала жамоа ҳам беллашув сўнггига қадар ғалаба учун ҳаракат қилди. Бунақаси Ўзбекистонда доим ҳам кузатилавермайди. Афсуски, ўз қўлимиздаги ғалабани бой бердик. Албатта, бу футбол ва “Олимпик” ҳам яхши ҳаракат қилди.
Биринчи бўлим учун қилган режамизнинг барчасини ҳам амалга ошира олмадик. Эътибор этишмади, ўтказиб юборилган иккинчи голда ҳам тўп ўзимизда эди. Иккинчи бўлимда эса очиқ, динамик кураш бўлди ва нисбатан яхши ҳаракат қилдик. Вазиятлар кўп бўлди. Мен рақиб ким бўлишидан қатъий назар, дуранг учун ҳимояланишни истамайман. Менинг жамоам доим ғалаба учун майдонга тушади. Жиззахга келганимда олдимга рақобатбардош жамоа шакллантириш вазифаси қўйилган эди. Ҳозир “Сўғдиёна” ўсишга эришди. Жамоа тўпни назорат қилиш, зарбалар сони, узатмалар ва бошқа жиҳатлар бўйича Суперлигада ҳозир кучли учликка киради. Мен ҳужумкор футбол тарафдориман.
Мен доимо тезкор ва шу билан бирга динамик футбол тарафдориман. Учинчи голдан сўнг темпни бироз туширишимиз керак эди, аммо буни амалга ошира олмадик”, – деди Бошкович.
Фикрлар