Иван Бошкович: "Футболда яхшироқ ўйнаган жамоа ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайди"
Ўзбекистон Суперлигаси 7-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” (1:2) жамоалари ўртасидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Иван Бошкович қатнашиб,журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Черногориялик мутахассис одатдагидек ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.
- Бугунги учрашувда мени фақатгина беллашув натижаси қониқтирмади. Ўйин бўйича ёмон кўринмадик, айниқса, иккинчи бўлимда яхши ҳужумлар уюштирдик. Биринчи бўлимда эса бироз ўйинимиз қовушмади, устига-устак дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Танаффусда йигитларга барчасини тушунтириб бердим ва рақибнинг кучсиз жиҳатларини кўриб чиқдик. Ўтказиб юборган иккинчи голни кўрмай қолдим, тўғриси. У вазиятда тўпни йўқотган бўлсак керак. 0:2 ҳисобида мағлуб бўлаётганимизга қарамай, кўп ҳужум қилдик ва иштиёқимиз сўнмади. Футболчиларга раҳмат айтаман. Ўйин сўнгида битта гол урдик, аммо баҳсда бурилиш ясашга вақт етмай қолди. Икки нафар қанот ҳимоячиларимиз ҳужумга кўп ҳисса қўшишди ҳамда ўйин давомида тўлиқ фаол бўлишди. Қанотдан узатилган “паслар”ни дарвозага йўналтира олмадик. Ҳечқиси йўқ, бундай учрашувлар биз учун катта тажриба. Ўйин бўйича бугун мағлубиятга лойиқ эмас эдик.
- “Навбаҳор”га қарши кечган бугунги учрашув сиз учун учинчиси бўлди. Аввалги икки ўйин билан солиштирсак, “лочинлар” қанчалик ўзгарибди? Самвел Бабаян жамоаси янги мавсумда яна кучайган, дея оласизми?
- Ҳозирги “Навбаҳор”ни аввалгиси билан таққослаш нотўғри. Ўша вақтда мусобақа жадвали бошқача эди. Бошқа таркиб, бошқа мавсумлар. “Навбаҳор” тактик томонлама бироз ўзгарибди. Авваллари кўпроқ очиқ футбол бўлар эди. Бугун меҳмонлар пенальтидан гол уришганидан сўнг, услубни бироз ўзгартиришди ва мудофаа ҳақида ўйлашни бошлашди. Наманган жамоаси зўр таркибга эга эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Лекин биз бугун рақибдан футбол бўйича устун эдик. Футболда яхшироқ ўйнаган жамоа ҳар доим ҳам ғалаба қозонавермайди. Иккинчи давра баҳсида яхшироқ натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз ва бугунги учрашув натижасини учун алам оламиз деган умиддаман.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар