Иван Нагаев: "Уни супер мураббий ва ниманидир уддалай олади, деб айта олмайман"

“Металлург” клубининг ўтган йилги таркибидан бир қатор футболчилар кетишган. Уларнинг орасида ҳужумчи Иван Нагаев ҳам бор. Бу йил 33 ёшни қаршилайдиган футболчи учун “Мавсум-2021” у қадар омадли кечгани йўқ.

Нагаев бекободликларнинг асосий таркибидан муқим жой олиши қийин кечди. Статистик рақамларга таянадиган бўлсак, “Металлург” таркибида Суперлиганинг 13 та учрашувида майдонга тушди ва 1 та гол урди. Аммо ўша голи сафарда “Андижон” устидан муҳим уч очко қўлга киритилишида асқотган. Шунингдек, Кубок доирасида 3 та ўйинда иштирок этди. Аммо Иван асосан ўйинларнинг иккинчи бўлим ўрталаридан ёки охирги дақиқалардан майдонга туширилган.

Нагаев фаолияти давомида бир қанча клубларда ўйнади. “Металлург”га бир неча бор келиб-кетган. Бундан ташқари, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Бунёдкор”, “Динамо”, “Локомотив”, “Бухоро”, шунингдек, Қувайтнинг “Ал-Қодисия” ва Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоаларида ҳам тўп сурган. Sports.uz мухбири Нагаевга айрим саволларни йўллади.  

- Иван, “Металлург” клубини нима учун тарк этдингиз?

- Чунки раҳбарият шундай қарор қилди. Яна нима десам экан, менга у ерда қолиш учун қизиқиш қолмаганди. Аслида ҳаммаси оддий: шартномам муддати тугади ва мен кетдим.

иван_3

- Ҳужумчига доим голлар керак. Лекин адашмасам, сиз “Металлург” сафида бор-йўғи битта гол урдингиз холос ва бу жуда паст кўрсаткич. Бунинг сабаби нимада?

- Бу масалада гапингизга қўшиламан. Лекин асосий сабаби мен кўп ўйнаганим йўқ. Кўпинча захирадан майдонга тушдим. Кўпроқ гол уришим учун ўйин амалиёти ҳам шунга яраша бўлиши керак эди. Шу боис мен кам ўйнаганим сабабли кўп гол ура олмадим.

иван1_2

- Ўз вақтида Қувайт чемпионатида ўйнаб юрган кезларингизда “Металлург”нинг ҳозирги мураббийи билан тўқнаш келгансиз. Айтинг-чи, Эрнандес қандай мутахассис?

- Қувайтда тўп сурган пайтимда у бошқа клубда ишларди. Мен бу мураббий билан бирга ишламаганман ва у ҳақида сизга бирор нима дея олмайман. Аммо фикримча, уни супер мураббий ва ниманидир уддалай олади, деб айта олмайман. Мен учун кучли мураббий эмас. Майдонда футболчилар тўп суради. Энг яхши мураббийлар ҳам ўйинчиларсиз натижа кўрсата олмайди. 

- Фаолиятингизни кузатар эканмиз, кўплаб жамоаларда ўйнашга улгурдингиз ва тез-тез клубларни ўзгартираётганингизга гувоҳ бўламиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Тақдирим шундай экан (кулиб).

иван2

- Кейинги режангиз қандай? Таклифлар борми?

- Ҳозирча ҳеч қанақа таклифлар йўқ. Нима бўлиши биргина Худога аён.

- Умуман олганда, яна Суперлигада қолиш ниятингиз борми ёки легионер сифатида четда ўзингизни синаб кўрмоқчимисиз?

- Албатта, кетишни хоҳлаган бўлардим. Аммо ҳозирча шу ерда эканман, ҳеч нима дея олмайман. Ўйлашимча, тез кунларда қайси клубга боришимга аниқлик киритиб оламан. Аммо ҳозирча эркин агентман ва менда таклифлар йўқ. Шу сабабдан ҳам бу борада сизга ҳеч нима айта олмайман.

иван3

- Бирга ишлаган мураббийларингиз орасида сиз учун энг кучлиси ким?

- Ҳар бири ўзига яраша яхши. Кимнидир ёмон ёки яхши деб айта олмайман. Мен учун барчалари ўзига хос ва яхши сифатларга эга эдилар.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!