Ихтиёр Ропиев: "Ўша ҳолатни 100 фоиз кўрдим"
Бугун футзал бўйича Олий лига биринчи турига старт берилди. Илк баҳс БМБ ва "Оил Стар" жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Беллашув БМБнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Ихтиёр Ропиев беллашувнинг сўнгидаги баҳсли ҳолатлар ва умуман учрашув ҳақида фикрлари билан ўртоқлашди.
Бугунги ўйин ҳақида қисқача фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз. Биринчи ўйин қандай ўтди?
Ўйин жуда ҳам мухлисларбоп ўтди. Кам хато қилган жамоа ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда 2:0 ҳисобида ортда қолдик, бироқ иккинчи таймда фаолроқ ва кучлироқ ўйнашга уриндик.
"Оил Стар" бугун аламли тарзда мағлуб бўлди. Ўйин охирида берилмаган пенальти борасида фикрингиз қандай?
Ҳакамлар борасида фикрим хақида гапирадиган бўлсам, улар бугун нолга тенг ишлади. Фақат БМБ жамоаси фойдасига қарорлар қабул қилди ва ҳатто бу билиниб ҳам қолди. Ўша ҳолатни 100 фоиз кўрдим. Беш метрдан мен тиниқ кўрган нарсани Рубаков 2 метрда туриб бермади.
Қарори учун Рубаковга эътироз билдирдим, аммо уни хақорат қилмадим. У эса менга сариқ карточка кўрсатди. Тушунмадим.
Беллашув сўнгида сиз ва Ҳебберт Болт ўртасида кичик келишмовчилик бўлди. Ўша вазиятда аслида нима бўлганди?
Болт хақоратомуз сўзлар билан гапирди, сўкди. Мен жавоб бердим.
Бугун Дилшод Раҳматовнинг йўқлига қанчалик билинди?
Албатта билинди. Рахматов ўрни жуда ҳам сезилди. Жуда ҳам тажрибали футзалчи, биз у билан анчадан бери бирга уйнаб келамиз. Раҳматов бўлганида анча ёрдам берар эди.
Ушбу мағлубият сабаб “Оил Стар”нинг чемпионлик имкониятлари кескин камайиб кетмадими?
Қолган барча ўйинларни фақат ғалаба билан якунлашимиз керак. Бугунги ўйин тугади. Энди қолган учрашувлар учун тайёргарлик кўришимиз керак.
Ойбек Юлдошев суҳбатлашди.
Фикрлар