Июль-август ойида ташкил этилувчи профессионал бокс оламидаги супер жанглар билан танишинг! (Анонс)

Профессионал бокс оламида ажойиб қарама-қаршиликлар бизни кутиб турибди. Айниқса, ёз ойларида (июль-август) “қайноқ”  бокс кечалари ташкил этилади. Биз айнан ушбу ойларда бўлиб ўтувчи супер жанглар ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

25 июль – Токио, “Ариаке арена”

Наоя Иноуэ (Япония, 24-0,21 КО) – Стивен Фултон  (АҚШ, 21-0,8 КО)

Биринчи ярим енгил вазн (55.3 кг) тоифасида WBC ҳамда WBO чемпионлик камари учун ўтказилади. Амалдаги чемпион Стивен Фултон вазнини кўтарган япониялик “Монстр”га қарши ҳимоя жангида рингга кўтарилади. Маълумки, ушбу вазнда ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев WBA ҳамда IBF чемпионлик камарларига эгалик қилганди. У сўнги жангида Марлон Тапалесга қарши имкониятни бой берган ҳолда, чемпионликни бой берган. Албатта, Фултон ва Иноуэ жанги ғолиби мутлақ жаҳон чемпионлиги учун Тапалесга қарши жанг қилиши аниқ. Шубҳасиз, Муроджон қачондир ушбу учлик билан жанг қилиш имкониятига ээга бўлади. Қисқа қилиб айтганда, бу том маънодаги супер жанг бўлади.

фултон


29 июль – Лас-Вегас, “
T-mobil Arena

Теренс Кроуфорд (АҚШ, 39-0,30 КО)–Эррол Спенс (27-0,21 КО)

Ҳа, буни жуда “катта жанг”, деб бемалол айтишимиз мумкин. Ҳали брор маротаба мағлубият ва муроса нималигини билмай келаётган боксчилар ярим ўрта вазн (66, 7 кг) тоифаси мутлақ чемпионлиги учун рингга кўтарилишади. Спенс WBC, WBA, IBF чемпионлик камарлари соҳиби бўлса, Кроуфорд узоқ вақтдан буён WBO чемпионлик камари эгаси саналади. Хуллас ушбу жангда ғалаба қозонгани бу дивизионнинг яққол “қирол”ига айланади.

спенс

5 август - Даллас, “Американ Эйрлайнс-центр

Жейк Пол(АҚШ (6-1,4 КО) – Нэйт Диас (АҚШ)

Бу ўзига хос шоу жанги бўлади. Маълумки, Пол блогер-боксчи саналса, Нэйт Диас собиқ  UFC жангчиси ҳисобланади. Бироқ, Пол Диасдан аввал, Тайрон Вудли, Бен Аскрен  ва Андерсон Силва каби ММА жангчиларини мағлуб эта олган.  У сўнги жангида Томми Фьюрига мағлуб бўлган эди. Диас эса ММА оламида жуда катта номга эга ва қайтмас жангчи саналади. Уларнинг ўзаро бокс борасидаги баҳси ҳам қизиқ ўтиши аниқ.

диас

19 август – Квебек, Видеоторон, Канада

Артур Бетербиев (Россия, 19-0,19 КО) – Каллум Смит (Буюк Британия, 19-1,21 КО)

Ярим оғир вазн (79,4 кг) тоифасида WBC, WBO,IBF  чемпионлик камарлари учун ўтказилади. Ушбу камарларнинг амалдаги соҳиби Артур Бетербиев саналади. Албатта, нокаутчи Бетербиев учун Каллум Смит ноқулай рақиб бўлиши мумкин. Смит фаолияти мобайнида биргина Сауль Альваресдан мағлубиятга учраган. У учун бу катта имконият , бундан унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Аммо, Бетербиев бу оддий боксчи эмас! Хуллас, қизиқарли жангнинг гувоҳига айлансиз.

Артур

26 июль –Вроцлав, Польша

Александр Усик ( Украина, 20-0,13 КО) – Даниэль Дюбуа (Буюк Британпия, 16-1, 16 КО)

Оғир вазн тоифасида WBA, WBO, IBF чемпионлик камарлари учун бўлиб ўтади. Маълумки, Усик ушбу чемпионлик камарларини амалдаги соҳиби саналади. Унинг Тайсон Фьюри, Деонтай Уайлдер билан жанги ҳақида жуда кўп гапирилди. Якунда, британ боксчиси  Дюбуа унга навбатдаги рақиб сифатида танланди. Дюбуа ҳам бир маротаба мағлуб бўлган. У Жо Жойсга имкониятни бой берганди. Албатта, Усикнинг ушбу жангда имконияти юқори бўлиши мумкин. Бироқ, бу профессионал бокс ва унда ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин. Гапнинг индаллоси бу тўқнашув ҳам ёрқин бўлиши аниқ.

дюбуа

Шубҳасиз, яна ушбу ойларда бир қатор истеъдодларнинг ва келажак юлдузлари сифатида эътироф этилаётганлар ҳам рингга кўтарилади. Биз эса, қизиқарлилик нуқтаи назардан супер жангларга тортувчи қарама-қаршиликлар ҳақида тўхталдик. Қолаверса, профессионал бокс оламида ҳар куни бир янгилик юзага келиши мумкин. Шундай экан, яна бир қатор ажойиб жанглар анонс қилиниши мумкин. Бироқ, ҳозирча шулар мухлисларнинг диққат-эътиборидаги тўқнашувлар десак, янглишмаган бўламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!