"Жаҳон чемпионатига чиқишимиз учун бу сафар имконият катта" - терма жамоа устози Эрматов билан учрашув ва тайёргарлик ҳақида
Ушбу ойнинг ўрталарида Осиё чемпионати саралаш баҳслари ташкиллаштирилади. Ўзбекистон ўз гуруҳидаги ўйинларни мезбон сифатида Тошкентда ўтказади.
Айни пайтда бўлажак учрашувларга тайёргарлик бўйича режа ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Баҳром Норсафаров олдида масъулиятли вазифа турибди. Шу боис ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов Норсафаров бошчилигидаги мураббийлар штаби билан учрашиб, камчиликлар муҳокама қилинди.
Бу хусусида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Sports.uz учун қуйидагиларни айтди.
Тайёргарлик ва Эрматов билан учрашув хусусида
- Декабрь ойидан бери бешта йиғин ўтказдик. Туркияда шуғулландик. Кейин Беларусь терма жамоаси билан Тошкентда ўйнадик ва сўнг, Беларусга бордик. Қолаверса, Эронни таклиф қилдик. Жаҳон чемпионатида қатнашган Африка қитъасидаги терма жамоалар билан ҳам ўйнадик. Шу вақт оралиғида 50 нафар қиз кўрикдан ўтди. Якуний рўйхатдан 23 таси ўрин олди. Улар энг кучли, руҳий томондан тўлиқ тайёр ва тажрибалилари танлаб олинди. Футболчи қизларни саралаб олишда аввало руҳий тайёргарлигига ва тажрибасига қарадик. Жисмоний ҳолатига ҳам эътибор бердик, албатта. ЎФА томонидан йиғинларимиз учун барча шароитлар яратилди. Энди Осиё чемпионати саралаш босқичи ўйинларига 12 сентябрдан машғулотларни бошламоқчимиз. Нима учун? Чунки 16-куни мусобақадан аввал Гонконг термаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказмоқчимиз. Кейин гуруҳ ўйинларига киришамиз. Равшан Эрматов мураббийлар штабини чақирди ва биздан қандай муаммолар борлигини сўради. Ҳаммасини айтдик. Фитнес-мураббий кераклигини ва руҳшунос ҳам зарурлигини билдирдик. Руҳшунос келиб-кетиши керак эмас, ҳар куни жамоа билан бирга бўлиши лозим. Кейин меҳмонхона масаласини ҳам гаплашдик. Энди у ерда ҳар бир қиз алоҳида яшайди. Биз ўйинларга вип-сектор ташкил қилиб, қизларнинг ота-оналарини ҳам таклиф қилмоқчимиз. Бу ҳам футболчиларга мотивация беради, максимум ўзини кўрсатиш учун курашади. Охирги йиғиндан кейин кимда қандай жароҳат бўлса, барчасига дори-дармонларни тарқатиб бердик. Улар клубларида муолажаларни олишяпти. Барчаларига алоҳида дастур берганмиз. Клубларидан ташқари шуғулланишларини гуруҳда назорат қилиб турибмиз. 3 ва 8 сентябрда чемпионатимиз доирасида иккита тур бор. Ушбу учрашувларда қизларимиз жароҳат олиб қолмаса бўлди. Биз бу имкониятни қўлдан чиқариб юбормаслигимиз керак. Ҳамма тайёр, жон-жаҳдимиз билан мусобақага киришамиз. Туркияда Нигерия билан ўйнаганимизда айрим етакчиларимиз йўқ эди. Шунда ҳам яхши ўйинлар бўлди. Мен жамоамизга ишонаман.
Асосий вазифа
- Олдимизда турган асосий вазифа Осиё чемпионатига чиқиш. Финал босқичи Ҳиндистонда ўтказилади, 2022 йилнинг бошларида. Жаҳон чемпионати учун Осиёга 5+2 квота ажратилган. Бешта терма жамоа ичига кира олсак, тўғридан-тўғри мундиалга йўл оламиз. Плюс иккита терма жамоа плей-офф орқали ҳал бўлади. Имконият жуда катта. ФИФА томонидан 32 та терма жамоа биринчи марта жаҳон чемпионатида қатнашади. Осиёга катта имтиёз берилган.
Ўз уйимиздаги саралаш баҳслари ҳақида
- Осиё чемпионати саралаш баҳслари Тошкентда ўтади. Майдон ўзимизники, футболчиларни яқинлари стадионда бўлишади, ўйинлар трансляция қилинади, булар албатта ёрдам беради. Асосийси, қатъий режимни ўрнатамиз. Муҳим мусобақа олдидан футболчиларга жиддий тартиб-интизомни жорий қиламиз. Телефонларини йиғиштириб оламиз. Ўйинларга жиддий ёндашиш шарт, буни ўзлари ҳам тушуниб турибди. Гуруҳга ҳам мотивацияни оширадиган роликларни жўнатиб турибмиз. Бу мусобақа кўп қизларга охирги имконият. Бундан фойдаланиб қолишмаса, кейин кеч бўлади.
Бош мураббийнинг клуб ва терма жамоада ишлаши халақит қилмайдими?
- Клубда ёрдамчиларим бор, биз дастур бўйича ишлаймиз. “Севинч”нинг асосий таркибидаги олти нафар қизимиз терма жамоамизнинг асосий таркибида ўйнайди. Мен уларни ҳам клуб орқали тайёрлаб боришим керак. Терма жамоа йиғинлари бўлганида Ўзбекистон чемпионати тўхтатилади. Менга икки жойда ишлаш халақит қилмайди. Мен клубда тайёргарлик машғулотлари, техник-тактик услубларни айнан терма жамоа манфаати учун ўтказаман. Айнан клубда кўпроқ тажриба оламан. У ерда ҳар хил эксперимент услубларни ва тактикаларни қўллаб кўраман. Мен учун асосийси терма жамоа. Чунки услубларни клубда синаб кўриш орқали кейин термада қўллайман. Қолаверса, “Севинч” иштирокидаги ўйинларда рақиб жамоа таркибидаги термага номзод қизларнинг ўйинларини ўрганиб бораман. Шунинг учун чемпионатимиздги барча ўйинчиларни яхши биламан. Деярли 10 йилдан бери ҳамма қизларнинг имкониятларини ўрганганман. Энди клубларда U-16 жамоаларини очдик. Бунинг меваси 5-6 йилдан кейин билинади.
Рақиблар тўғрисида
- Қуръадан кейин албатта рақибларни ўрганяпмиз. Бунгача улар билан U-16 ва U-19 терма жамоаларида учрашганмиз. Рақибларимизни мураббийларигача ўрганиб боряпмиз. Уларнинг таркиблари ҳам биз билан тенгма-тенг улғайиб боряпти. Масалан, қуръадан кейин Жанубий Корея, Монголия бўйича барча маълумотларни йиғиб олдик. Уларни ўрганмасак бўлмайди.
Фикрлар