Жаҳон чемпиони ҳам ҳеч нарса қилолмади: Фаворитни енгган Ўзбекистон кескин кўтарилди!
Венгриянинг Будапешт шаҳри мезбонлик қилаётган шахмат оламининг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон эркаклар ва хотин-қизлар терма жамоалари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Бутун дунёдан 200 га яқин давлат терма жамоалар эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги беллашувларда ғолиблик учун куч синашяпти. Олимпиада иштирокчиларининг умумий сони 630 нафар спортчини ташкил қилмоқда. Улардан 246 нафар гроссмейстерлардир.
Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси еттинчи турда Украина шахматчиларини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Мағлубиятсиз ўйнаётган Нодирбек Абдусатторов ўзининг туғилган кунида (20 га ёшга тўлди) Украина терма жамоаси етакчиси Андрей Волокитинни мот қилди. Жавоҳир Синдоров ФИДЕ йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони Руслан Пономарёвдан устун келди.
Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов мос равишда Васил Иванчук ва Антон Коробов сингари тажрибали рақиблар билан дуранг ўйнаб, жамоамиз ғалабасига ҳисса қўшди.
Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон терма жамоаси умумий ҳисобда учинчи ўринга кўтарилиб олди.
Шахматчи йигитларимиз навбатдаги турда Сербия терма жамоасига қарши дона суради.
Хотин-қизлар мусобақасида шахматчи қизларимиз еттинчи турда грецияликларни 2,5:1,5 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Биринчи тахтада ўйнаган Афруза Ҳамдамова ўзидан анча тажрибали ҳисобланган Ставрула Цолакидуга имкониятни бой бериб қўйди. Бу Афрузанинг Олимпиададаги илк мағлубияти бўлди. Нодира Нодиржонова ва Умида Омонова мос равишда Харитомени Маркантонаки ҳамда Анастасия Аврамидуни мот қилди. Маржона Маликова Екатерина Павлиду билан очко бўлишди.
Ўзбекистонлик шахмат маликалари еттинчи турдан кейин 11-поғонага кўтарилди. Энди улар кучли рақиб – АҚШ терма жамоаси вакиллари билан куч синашади.
Мусобақа қоидасига кўра, ҳар бир терма жамоа беш нафар шахматчилан таркиб топади. Ҳар турда улардан тўрт нафари дона суради ва биттаси захира ўйинчиси вазифасини бажаради. Мусобақа швейцарча тизимда 11 раунддан иборат бўлади.
Вақт назорати 40 та юриш учун 90 дақиқа, ўйин тугашигача 30 дақиқа қўшилади, ҳар бир юриш учун биринчисидан бошлаб +30 сония берилади.
Фикрлар