Жаҳон чемпионлари тақдирланди
Ads

 

Бугун, 30 май куни пойтахтимиздаги Олимпия шон-шуҳрати музейида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Чемпионлар юрт фаҳри» тадбири ташкил қилинди.

Ушбу тадбирда яқинда Москва шаҳрида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган ёш футболчиларимиз, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Бош котиби Сардор Раҳматуллаев, Профессионал футбол лигаси директори Омон Ғофуров, шунингдек, Тошкент кимё-технология институти қошидаги академик лицей ўқувчилари иштирок этишди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчанов сўзга чиқиб, ёш чемпионларимизга ўзининг энг самимий тилакларини изхор этди.

«Энг аввало қўлга киритилган ушбу ғалаба билан яна бир маротаба табриклайман. Ушбу ғалабадан барчамиз хурсандмиз. Юртимизда яратилган имкониятлар кенглигидан мана шундай муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Сиз бугунги кун қаҳрамонларисиз. Тенгдошларингиз сизларга қараб янги марраларга интиладилар. Келажакда бунданда катта муваффақиятлар тилаб қоламан», – деди Жасур Матчанов.

Шундан сўнг ёш чемпионларга Миллий олимпия қўмитаси совғалари – велосипедлар тақдим этилди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг «Булбулча» болалар ашула ва рақс гуруҳи ўзининг чиқиши билан йиғилганларнинг кайфиятини ҳушнуд этди. Сўнгра тадбир иштирокчилари ёш чемпионларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожат қилишди.