Жаҳонгир Меҳмонов "Навбаҳор"нинг дуранглари, энг қийин учрашув "Пахтакор" билан ўйинда эмас дербида бўлгани ва бошқалар ҳақида
Coca-Cola Суперлигада ФИФА кунлари муносабати билан бироз танаффус юзага келди. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби ортда қолган 10 турдан сўнг, 3 ғалаба, 5 дуранг ва 2 мағлубиятни қайд этган ҳолда, 14 очко тўплаб, турнир жадвалининг 7-поғонасини банд этиб турибди. Албатта, ўз олдига юксак мақсадни қўйган жамоа учун бу ярашмаган ҳолат. Айниқса, “лочинлар” ўз майдонларида ўтказилган сўнгги 2 баҳсда ғалаба қозона олишмади. Хўш, бунинг сабаби нимада? Жорий мавсум наманганликлар учун қандай кечмоқда? Клуб матбуот хизмати, шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида “Навбаҳор” жамоаси сардори ва ҳимоячиси Жаҳонгир Меҳмонов билан интервью ташкил этди. Айтганча, 28 май куни тажрибали футболчи тавваллуд айёмини нишонлаб, 29 ёшни қарши олди.
Жаҳонгир, суҳбатимиз аввалида “Навбаҳор” ПФК жамоаси номидан Сизни куни кеча нишонланган туғилган кунингиз билан табриклаймиз. Бундай ёшлардан кўпини кўриб юринг. Умрингиз узоқ бўлсин ҳамда яқинларингиз бахтига доимо соғ-саломат бўлинг!
- Табрик ва эзгу тилаклар учун раҳмат. Фурсатдан фойдаланиб, менга табрик йўллаган клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, шунингдек, мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бахтимга улар ҳамиша соғ бўлишсин.
Мана, жорий мавсумнинг 10та тури ортда қолди ва бу йилги мавсум борасида қандайдир хулосаларни чиқарса бўлади. Умуман олганда, жорий мавсум баҳслари қандай ўтяпти?
- Бу йилги Coca-Cola Суперлига ўйинлари олдингиларига қараганда, анча шиддатли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Жамоамиз учун ҳеч қайси баҳс осон кечмаяпти. Боиси, бу йил барча клублар деярли тенг кучга эга, кучсиз жамоа йўқ. Ҳаттоки, турнир жадвалида сўнгги поғоналарда бораётган клублар ҳам ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олади.
Сизнингча, ортда қолган 10та ўйиндан қайсиниси “Навбаҳор” учун қийин кечди?
- Сўнгги – 10-тур доирасидаги “Андижон” билан ўтказилган “водий дербиси” анча мураккаб ўйин бўлди. Ўша учрашувда ўз дарвозамиздан биринчи бўлиб тўп ўтказиб юбориб, кейин ҳисобни тенглаштириш учун анча тер тўкишимизга тўғри келди. Ушбу баҳс жорий мавсумдаги энг қийин учрашув бўлди.
Жамоа ўз майдонида ўтказилган сўнгги икки баҳс, яъни “Металлург” (0:0) ва “Андижон” (1:1) клубларига қарши кечган учрашувларда ғалаба қозона олмади. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?
- Таъкидлаганимдек, жорий мавсумда барча жамоалар деярли тенг кучга эга. Шунингдек, “Металлург” клуби яхши таркибга эга саналади. Шу боис бўлса керак, бекободликлар жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишди ҳамда дуранг ҳисобини қайд этишга муваффақ бўлишди.
“Андижон” билан ўтказилган ўйин борасида тўхталадиган бўлсам, ўзингизга маълум, жамоалар турнир жадвалида қайси поғонани эгаллаб туришларидан қатъий назар, “водий дербиси” баҳслари доимо кескин курашлар остида кечган. Бу сафарги учрашув ҳам бундан мустасно бўлмади. Гарчи турнир жадвалининг қуйи поғоналарида боришаётган бўлса-да, андижонликлар жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатишди.
Балки, ўша “водий дербиси”га ҳар сафаргидек машғулот ўтказмасдан, бошқа ўйинларга қараганда, ўзгачароқ тайёргарлик кўриш керакмиди? Фурсатдан фойдаланиб, шуни таъкидлаш жоизки, биз ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба иштиёқида тушамиз. Фақат айрим учрашувларда биздан бироз омад юз ўгирмоқда. Шу боис, зафар қучолмаяпмиз.
Кейинги ўйинларда мухлислар ишончини оқлашга интиламиз. Фақат улар бизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани.
Балки Азизбек Турғунбоевнинг ўрни билинаётган, унинг йўқлиги ҳам жамоанинг ўйинларига салбий таъсир қилаётгандир?
- Албатта, жамоада ҳар бир бир футболчининг ўз ўрни бўлади. Тўғри, Азизбек Турғунбоев анча маҳоратли ўйинчи ва унинг йўқлиги ҳам билинмоқда, менимча. Турғунбоев дисквалификация муддатини ўтаб сафимизга қайтса, таркибимиз янада кучайишига шубҳамиз йўқ.
Бир неча кундан сўнг, барча мусулмон оламида Рамазон ҳайити нишонланади. Шу муносабат билан мухлисларга қандай тилакларингиз бор?
- Барча Ўзбекистон халқини, улар қаторида жамоамиз мухлисларини Рамазон ҳайити билан табриклайман. Тутган рўзаларингизни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин, илоҳим! Доимо соғ-саломат бўлинглар. “Навбаҳор”ни доимо қўллаб-қувватлаб туринглар, биз эса сизларга ўз ғалабаларимиз билан қувонч улашиб юраверайлик.
Фикрлар