Жаҳонгир Меҳмонов: Ортда қолган мавсумдан кўнглим тўлди

Хабарингиз бор бу мавсум илк бор ташкил этилган Суперлига ўйинлари Наманганнинг “Навбаҳор” клуби учун анча омадли келди. Боиси, жамоа 14 йиллик танаффусдан кейин бронза медали соҳибига айланди. Албатта, ушбу муваффақиятда “лочинлар”нинг тажрибали ҳимоячиси Жаҳонгир Меҳмоновнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

ПФЛ расмий сайти "Навбаҳор" матбуот хизмати билан ҳамкорликда Меҳмонов билан якунланган мавсум борасида қизиқарли суҳбат уюштирди.

- Жаҳонгир, ортда қолган мавсум сизда қандай таассурот қолдирди? Олдингиларидан қизиқроқ ўтдими?

- Ҳа, албатта, ўз якунига етган бу йилги миллий чемпионатимиз баҳслари анча қизиқарли ва кескин курашлар остида кечди. Шунингдек, “Навбаҳор”  учун анча омадли келди. Боиси, ўтган мавсумда “лочинлар” сафига қўшилган маҳаллий футболчилар жипслашиб, 2 йил ичида “Навбаҳор”нинг мавқесини кўтарганимиздан хурсандмиз. Боиси, жамоа ўтган йили 5-поғонани банд этганди. Бу йил эса 3-ўринни эгалладик. Бу эса менимча, 2 йил ичида аъло даражадаги натижа. Чунки 2016 йилги  мавсумда “Навбаҳор”нинг қуйи лигага тушиб кетишига бир баҳя қолганди. 

- Бу йилдан ўйинлар ташкилотчилиги, ўйинолди тадбирлар, концертлар,  мухлислар учун акциялар ўтказила бошланди. Бундай тадбирлар мухлисларни стадионларга кўпроқ келишларига сабаб бўлди. Стадионда кўпроқ ишқибоз бўлса, бу футболчилар учун ҳам янада завқли бўлса керак, шундайми? 

- Албатта, мухлисларнинг стадионни тўлдириб ўтиришгани яхши. Боиси, бу биз – футболчиларга қўшимча завқ бағишлайди ва майдонда ўзгача ҳиссиёт билан тўп сурасиз. Жамоамизнинг бу йилги муваффақиятида албатта ишқибозларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор ва фурсатдан фойдаланиб, “Навбаҳор” мухлисларига жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.     

-  Ортда қолган мавсумда амалга оширилган яна қандай ўзгаришлар сизда яхши таассурот қолдирди?  

-Учрашувларнинг телевизор орқали намойиш этилганлигига муносабатим ижобий. Боиси, бу миллий чемпионатимиз савияси ошишига ҳисса қўшади. 2018 йилги мавсумда ҳар турда деярли барча ўйинлар ТВ орқали намойиш этиб борилди. 

Мана  бу йилги мавсум ҳам якунланди. 2018 йилги мавсум сиз учун қандай ўтди? Жамоангиз қайд этган натижадан кўнглингиз тўлдими? Ўз ўйинингизданчи?

- Якунига етган мавсумда “Навбаҳор”нинг қайд этган натижасидан албатта кўнглим тўлди. Чунки таъкидлаганимдек, 2 йил ичида “Навбаҳор”нинг мавқесини  тиклашга интилдик ҳамда ўз ниятимизга етдик. Ўз ўйиним борасида нима дейишим мумкин? Ўйинимга ўзим эмас, мураббийлар ва мухлислар баҳо беришса, яхши бўларли, менимча.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!