Жаҳоннинг энг машҳур промоутерларидан бири ўзбек боксчиларини кузатмоқдами?
Бир неча кун аввал, ўзбекистонлик боксчилар Баҳодир Жалолов ҳамда Ҳуршидбек Норматовлар ҳамкорлик қиладиган Dibella Entartayment промоутерлик компанияси раҳбари Лу Дибелла билан суҳбатимизни эътиборингизга тақдим этишимизни айтиб ўтган эдик. Ваъдага мувофиқ Boxer TV канали билан ҳамкорликда жаҳон профессионал бокс оламидаги энг машҳур шахслардан бири билан бўлган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Жаноб Лу сизга Ўзбекистондан салом йўлламоқдамиз!
- Ташаккур. Мени номимдан ҳам ўзбек халқига саломимни етказинг.
-Биламизки, сиз жаҳон профессионал бокс оламида ўз ўрнингизга эгасиз. Ўзбекистонлик бокс ихлосмандлари эса Баҳодир Жалолов ҳамда Хуршидбек Норматовлар билан ҳамкорликни бошлаганингиздан кейин янада кўпроқ маълумотга эга бўлишди. Умуман олганда ушбу юртдошларимиз ишончингизни қай даражада оқлашмоқда?
- Жалолов оғир вазнли ёш, умидли ва фантастик боксчидир. Унинг вазнига нисбатан олганда оёқ ва қўл ҳаракатлари жуда тезкор...Бир сўз билан айтганда унинг истеъдодига шубҳа йўқ.
Бироқ, тана тузилиши ҳали мукаммал даражада бақувват кўринишга келгани йўқ. Шундай бўлсада, у бу камчиликни бартараф этишга қодир.
- Балки яна бирорта кучли тарафи бордир?
- Шубҳасиз, у яхши боксчи бўлиш баробарида қўрқинчли "панчер" ҳамдир.
- Унинг ҳаваскор боксдаги фаолиятига муносабатингиз қандай?
- У ўз юртининг юлдузи. Ҳозирда диққат эътибори Олимпиадага қаратилган. У тўлақонли профессионалга ўтганидан сўнг, у билан боғлиқ режаларимиз бор.
- Ушбу режа борасида бироз маълумот бера оласизми?
- Бунинг яширадиган жойи йўқ. У юқорида айтганимдек, тўла проф йўналишга ўтганидан сўнг, чемпионлик даражасига олиб чиқиш йўлида ишлаймиз. Унинг бунга имкониятлари етарли.
- Хуршид Норматовчи?
- Биз уни "Хершей" деб атаймиз. У жуда тажрибали ва маҳоратли боксчи. Унинг учун 2019 йил омадли келди. Икки муҳим жангда ғалаба қозона олди. Лекин оила қурганлиги сабабли бироз танаффус бўлди. Жорий йил ҳам у учун ажойиб воқейликларга бой бўлади.Жумладан, 28 январь куни у мексикалик Уриэль Эрнандесга қарши рингга кўтарилади.
- Хуршид 9 та жангда ғалабага эришди. Балки унга жиддий жанглар уюштириш вақти келгандир?
- Унинг маҳоратини ошириш, янада тажриба тўплаб олиш мақсадида шундай босқичлардан ўтмоқда. У мағлубиятга учратиш қийин бўлган, талант ва чапақай чармқўлқоп устаси. 2020 йил кўплаб жанглар ўтказиб, имкониятини чамалаб олади. Кейинги йил эса, жиддий жангларда рингга кўтарилади. Ўйлайманки, у супер ярим ўрта вазннинг (69 кг) топ боксчисига айланади.
- Аслида ўзбек бокси ҳақида яна нималарни биласиз?
- Ўзбекистонда ажойиб ҳаваскор бокс мактаби шаклланган. Улар ҳозир жаҳонда биринчи ўринда...
Ўз истеъдодлари билан мақтана олади. Мен ҳам баъзи бирларини кузатиб бормоқдаман. Чунки ҳақиқий талантлар билан ишлашни ёқтираман. Айни вақтда АҚШ да кўплаб юртдошларингиз фаолият олиб бормоқда. Улар инглиз тилини ҳам мукаммал ўрганишга ҳаракат қилишаяпти. Қолаверса, бу ердаги ватандошларингиз ва шу ерлик мухлислар орасида ҳам машҳурликка эришмоқдалар. Бу боксчилар ҳали жаҳон профессионал бокс оламида том маънодаги юлдузга айланишади.
- WBO Тайсон Фьюрига мижозингиз Жалоловга қарши жанг қилиш таклифини берди. Бу воқейлик рўй бериши тез орада бўлмасада, ушбу тўқнашувга қандай муносабат билдирасиз?
- Баҳодир профессионал боксда бир нечта жанг ўтказди холос. Фьюри эса оғир вазн тоифасидаги энг кучли икки боксчининг биридир. Жалолов гавдасининг йириклиги, тезкорлигидан келиб чиқиб, ҳар қандай рақибга қарши жанг қила олади. Лекин "Big Uzbek" ва "Gipsy King" рингда ўзаро тўқнаш келади деб ўйламайман. Чунки Тайсон ўзи айтганидек, бир нечта жангдан сўнг, боксни тарк этади. Яна ким билади, балки вазият ўзгариб қолар.
- Айни вақтда оғир вазн тоифасининг энг кучлиларидан бири Деонтей Уайлдер ҳам мижозингиз ҳисобланади. Қолаверса, Баҳодир... Демоқчиманки, асосий диққатингиз ушбу вазн тоифасига қаратилган. Нима деб ўйлайсиз, супер оғир двизиони аввалги нуфузини йўқотиб қўймадими?
- Гарчи, орамиздан хеч қандай гап ўтмаган бўлса ҳам ҳозирда Деонтей билан ҳамкорлик қилмаяпмиз. Шунингдек, Уайлдер, Жошуа, Фьюриларни ортидан ёш истеъдодли боксчиларнинг етишиб чиқаётганлиги туфайли, бу вазн тоифаси янада машҳурликка эришмоқда. Айни ҳолатда Жалоловнинг фавқулодда кўтарилиши ва танилиши учун қулай вақт. Саволингизда бироз жон бор. Яъни яқин ўтмишда бу вазн тоифаси харизматик юлдузга эга бўлмаганлиги учун оғир вазнда маркетинг ҳам тўхтаб қолганди. Энди эса аста-секин ривожланиш босқичига кўтарилмоқда.
Жалол Аҳмедов ва Аҳмадбек Эшматовлар суҳбатлашди.
Фикрлар